Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунларидан тинчлик ва соғликни таъминлашни ижтимоий ҳаётимизнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилаган эди. Ўтган йилларда бу борада улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
2018 йил 7 декабрдаги Президент фармонига мувофиқ, 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда тегишли дастур тасдиқланди. Барча ҳудудларда шифохоналар бунёд этилиб, замонавий жиҳозланмоқда. Давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналиши ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50тадан 126тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.
Одамлар энг кўп мурожаат қиладиган шошилинч ва тез ёрдам йўналишида марказлашган яхлит тизим яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг сони 818тадан қарийб 2 мингтага етказилди ва аҳолига янада яқинлаштирилди. Ихтисослашган автомашиналар парки янгиланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, адолат ва рақобатни таъминлаш бўйича ўз мулоҳазаларини баён этган эди.
Бугунги йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Аввало, ихтисослашган тиббий ёрдам сифати ва кўламини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Мамлакатда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келаётгани, маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаётгани, ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмагани қайд этиб ўтилган.
Даволаниш учун ордер бериш тизимида ижтимоий адолат таъминланмаётгани, бу жараёнда фақат давлат муассасалари иштирок этиши рақобатни чеклаётгани кўрсатиб ўтилган. Шу боис ордер бериш тизимини такомиллаштириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.
















