Президентнинг “Ташқи савдо операцияларини халқаро стандартларга янада уйғунлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра умумий қиймати беш минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар:
а) якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият олиб борувчи жисмоний шахслар томонидан олдиндан тўлов ва бошқа кафолатланган тўлов шартларисиз, божхона декларацияси тақдим этмасдан инвойс маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритиш шарти билан Ўзбекистондан олиб чиқилади. Бунда, сотувчи шахслар томонидан товарлар олиб чиқилишида хорижий харидор аниқ бўлмаган ҳолларда харидор ҳақидаги маълумотларни инвойсда кўрсатилиши талаб этилмайди;
б) норезидент жисмоний шахслар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан олдиндан тўлов шарти билан сотувчи шахсларнинг ТСОЯЭАТга киритган инвойси асосида божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистондан олиб чиқилади;
в) инвойс ҳужжати асосида олиб чиқилиши факти давлат божхона хизмати органлари томонидан ТСОЯЭАТда тасдиқланади ҳамда бундай операциялар божхона юк декларацияси расмийлаштирилган экспорт операцияларига ва қисқа божхона юк декларациясига тенглаштирилади.
Фармоннинг 1-бандида белгиланган нормалар амалдаги қонунчиликда айрим чекловлар ўрнатилган товарларга нисбатан қўлланилмайди.
Ташкилий мақомидан қатъий назар барча тадбиркорлик субъектларига:
а) товарлар (ишлар, хизматлар) учун норезидент жисмоний шахслардан халқаро тўлов тизимлари орқали Ўзбекистон банкларида очилган ҳисоб рақамларига тўловларни қабул қилишга;
б) товарлар экспортида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон шаклдаги инвойсдан фойдаланишга;
в) шартнома маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан хорижий давлатлардаги товарлар (ишлар, хизматлар)ни Ўзбекистон ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва уларни сотиш бўйича Ўзбекистон норезидентлари билан “халқаро савдо шартномаси” тузиш ва валюта операцияларини амалга ошириш, савдодан олинган тушумни бошқа юридик шахслар фойдасига трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллаш йўли билан қайта беришга рухсат этилади.















