Жамият | 10:42 / 25.02.2020
4194
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Ургутдаги мактабда болалар совқотмайдиган бўлди

Kun.uz сайтида «Иситиш зўр, термометр бузуқ, мурожаатчи «туҳматчи» — Ургутдаги мактаб қишни қандай ўтказмоқда?» сарлавҳаси остида тумандаги 45-мактабда иситиш тизими носозлиги танқид остига олинган мақола эълон қилинган эди.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб мурожаат эгалари таҳририятга қўнғироқ қилишди ва муаммога ечим топилгани, болалар энди совуқдан азият чекишмаётганини айтиб, миннатдорлик билдиришди.

Бугун, 24 февраль куни Ургут туман халқ таълими бўлими мудири имзоси билан ана шу мақола юзасидан муносабат билдирилди.

«Жорий йилнинг 8 февраль куни Kun.uz сайти орқали Ургут туман халқ таълими бўлимига қарашли 45-умумтаълим мактабидаги иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар акс этган «Иситиш зўр, термометр бузуқ, мурожаатчи «туҳматчи» — Ургутдаги мактаб қишни қандай ўтказмоқда?» номли мақола эълон қилинган эди. Мактабдаги вазият юзасидан ота-оналар томонидан вилоят ҳокимининг Телеграм мессенжерига ҳам мурожаат қилинган.

Таълим муассасасини иситиш тизими билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида Ургут туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мавжуд ҳолат ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатан ҳам 45-умумтаълим мактабида синфхоналарни иситиш билан боғлиқ муаммолар борлигига аниқлик киритилди. Баъзи қозонлар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, электр энергиясидаги узилишлар муаммонинг асосий сабаби экани маълум бўлди.

Шундан сўнг, иситиш қозонлари қайта таъмирдан чиқарилди, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган битта ҳаво пуркагич янгисига алмаштирилди. Ускуналар соз ҳолатга келтирилгач, синовдан ўтказилди ва уч соатда таълим муассасаси синфхоналаридаги ҳарорат меъёр даражасига етди.

Ургут туманидаги шу ва бошқа умумтаълим мактабларидаги иситиш ҳолати доимий назоратга олинган ва юзага келган муаммолар бартараф этилмоқда», дейилади Ургут туман халқ таълими бўлимининг Kun.uz таҳририятига йўллаган муносабатида.

Мавзуга оид