Россияда миллионлаб муҳожирлар яшамоқда – ёшлар ва бутун бошли оилалар Москвага ва бошқа йирик шаҳарларга пул ишлаш, ватанида қолган яқин қариндошларини боқиш учун келишади. Йиллар давомида у ерда оддий россияликларнинг кўзидан яширин инфратузилмалар шаклланган.

Иқтисодиёт олий мактабининг Ижтимоий сиёсат институтидаги ижтимоий сиёсат изланишлари маркази мудири Екатерина Деминцева бир неча йиллардан бери Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирларининг ҳаётини ўрганмоқда.

«Лента.ru» нашри у билан суҳбат қилиб, муҳожирларнинг ҳаёти, яшаш жойини қандай топишлари, ўз клиникалари, шахсий ҳаёти ва қизиқишлари ҳақида сўради.

«Лента.ру»: Келинг умумий тушунчалардан бошлаймиз. Марказий Осиёдан келган замонамиз меҳнат муҳожирининг умумий портретини ясашимиз мумкинми?

Деминцева: Ҳа, дея олмайман. 10 йил олдин буни қилишимиз мумкин эди. Одатда у пул топиш учун келган ёш ёки ўрта яшар эркак бўлган. Ҳозирги муҳожирларнинг қиёфаси хилма-хил. У мактабни энди тугатган ва Россияда 10 йилдан бери яшаётган ота-онасининг олдига келган ёш йигитча ёки пул топиш учун қариндошлари олдига келган ёш қиз бўлиши мумкин.

Ёки болаларини боқиш учун келган, турмушидан ажрашган ёки бева бўлган ўрта яшар ёлғиз аёл бўлиши ҳам мумкин. Йил сайин уларнинг хилма-хиллиги ошиб бормоқда.

Пул топиш уларнинг ягона мақсадими?

– Асосий мақсади десак тўғрироқ бўлади. Муҳожирлар ватанида қолган оиласини боқиш учун меҳнат қилишади. Уларнинг юртида иш йўқ ва Россияга келиш улар учун пул топишнинг ягона йўли. Ўз навбатида, агар меҳнат қилишмаса, Россияда оч қолишади. Чунки улар учун бу ерда ҳеч қандай ижтимоий дастурлар, ижтимоий уйлар йўқ.

Ким яхши иш топса, оиласини Россияга олиб келади. Бу жуда оммалашган дейишдан йироқман. Аммо болаларини бу ерга олиб келаётганлар уларнинг келажагини ўйлаб, яхши тиббиёт, яхши таълим, яхши иш илинжида шундай қилишади.

Бошқача айтадиган бўлсак, муҳожирларнинг кўпчилиги Россияда қолиш учун эмас, балки вақтинча келишадими?