«Ўзбекистон24» телеканали орқали эфирга узатилган «Қарама-қарши» кўрсатувида Тошкент Молия институти профессори Тўлқин Ибодуллаевич Бобоқулов Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида фикр билдирди.
«Биз ҳозир ЕОИИга киришга тайёр эмасмиз. Чунки ҳамдўстлик давлатлари ичида миллий валютаси бизникичалик қадрсизланган давлат йўқ. Миллий валюта муомалага киритилганида 1 доллар 7 сўм эди, ҳозир 9527 сўм бўлди. Миллий валютамиз қадрсизланиш суръати шу даражада юқори бўлдики, бу импорт қимматлашишига олиб келди. Натижада корхоналарда маҳсулот таннархи ошиб кетди.
Корхоналарни ўргандик, улар қандай ишлаётганига ҳайронман. Маҳсулотларни сотишдан олинган ялпи тушум салмоғида маҳсулот таннархи 80-85 фоиз. Улар 15 фоиз билан қандай ишлаяпти? Харажат жуда ҳам юқори. Биз ҳозир ЕОИИга йўл очсак, Қозоғистон, Беларусь ва Россия корхоналари маҳсулотларини арзон сотади. Бизнинг корхоналар арзон сотолмайди, чунки таннарх баланд», дея таъкидлади у.
"Қарама-қарши" кўрсатувидан лавҳа
Профессор: "Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишга тайёр эмас!" Сиз бу фикрга қўшиласизми?
Posted by
on Thursday, February 27, 2020
Бобоқулов республика иқтисодиётида ечимини кутаётган бир қанча муаммоларни айтиб ўтди.
«Биринчи навбатда инфляцияни пасайтириш керак. Инфляцияни 2023 йилга бориб 5 фоизга туширмоқчимиз. Ўтган йили инфляция даражаси Қозоғистонда 5,4, Россияда 3 фоиз бўлди, бизда эса 15,2 фоиз.
Иқтисодиётимизда ечилмаган муаммолар бор. Биринчиси, тўловсизлик муаммоси. 2019 йил 1 октябрь ҳолатига корхоналар ўртасидаги дебитор қарздорлик 93 триллион сўмдан ошди. Энг ёмони, бу қарздорлик олдинги йилга нисбатан 16,5 мартага ошди. Нима учун? Чунки иқтисодиётимизда бу қарздорликни тўлайдиган пул йўқ. 2019 йил якуни бўйича Ўзбекистон иқтисодиётининг пул маблағлари билан таъминланганлик даражаси бор-йўғи 17,6 фоизни ташкил қилди. Жаҳон банки экспертлари иқтисодиётда монетизация коэффициенти 40 фоиздан кам бўлса тўловсизлик муаммосини ҳал қилиб бўлмаслигини исботлаган. Бизда бу муаммо 30 йилдан бери ҳал бўлмади. Шунинг учун тўловсизлик муаммосини ҳал қилишимиз керак.


















