Ўзбекистон | 17:42 / 28.02.2020
15394
3 дақиқада ўқилади

«Президент аёлларни ҳокимликка тасдиқлайман деб турганда, биз уларни зўравонликдан асролмаяпмиз» − Норбоева

Сенат раиси Танзила Норбоева аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кўзда тутувчи ҳимоя ордери бериш тизими талаб даражасида ишламаётганини танқид қилди

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатовнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар 9 нафар аёл ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилган, бу мурожаатларнинг барчаси қониқтирилган.

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик даражаси билан таққослаганда ҳимоя ордери сўраш ҳолатлари, албатта, кам. Чунки аёлларимиз турмуш ўртоғига нисбатан чекловлардан турмушим баттар бўлади, деб ариза ёзмаслик ҳоллари бўляпти. Ҳимоя ордери аёлнинг мурожаати асосидагина берилади, ўзимиз бера олмаймиз”, дейди Тошпўлатов Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида тақдим этган ҳисоботида.

Танзила Норбоева ҳимоя ордери тизимининг яхши ишламаётганига сабаб сифатида тарғибот ишларининг йўқлигини таъкидлаб ўтди.

“Аёллар нега ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилмаяпти? Чунки улар бу ордернинг мавжудлиги ҳақида билмайди. Давлат раҳбари ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳақида куйиниб гапиряптилар. Мана шу ордер тизими орқали балки аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлар. 

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қанча нодавлат-нотижорат ташкилотлари бор. Тарғибот учун уларни жалб қилмаяпсизлар. Мамлакатда зўравонлик бор, ўз жонига қасд қилиш бор, тан олиш керак. Буни йўқ қилиш сиз ва янги вазирликнинг (Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги назарда тутилмоқда – таҳр.) иши”, деди Норбоева Ички ишлар вазирлиги вакилига қарата.

Шунингдек, Сенат раиси ҳимоя ордери тизимнинг яхши ишламаётганига қонун ижросининг кечиктирилгани, профилактика инспекторларининг бу борада маълумотга эга эмаслиги сабаблигини қайд этиб ўтди.

“Профилактика инспектори ҳимоя ордери нима эканлигини биладими? Ишончим комилки, уларнинг аксарияти бу ҳақида маълумотга эга эмас. Уларнинг ҳаммасини бу бўйича ўқитиш керак.

Тизим ишламаётганининг сабаби, ҳимоя ордери бериш жараёни унинг қонуний асоси яратилганидан ярим йил ўтиб бошланди. Ички ишлар вазирлиги ижрони кечиктириб, қонуннинг ишламаслигига сабаб бўлди”, дея таъкидлади Танзила Норбоева.

“Аёл бу давлатда ҳимояланганлигини, унинг ҳаётига ҳеч ким хавф солиши мумкин эмаслигини билиши керак. Давлат раҳбари яна иккита аёлни ҳокимлик лавозимига тасдиқлайман деб турган бир пайт. Аммо биз аёлларимизни зўравонликдан ҳимоя қила олмаяпмиз”, дея қўшимча қилди Сенат раиси.

Маълумот учун, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери бериш тартиби “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган. Ушбу қонун  2019 йил сентябр ойида қабул қилинган бўлиб, уни ижро этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори 2020 йил 4 январ куни чиққан.

Мавзуга оид