Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ҳамда ташаббускор ўртасида уч томонлама келишув тузиш орқали амалга оширилади.

Қуйидагилар кластернинг муассислари бўлиши мумкин:

хорижий ва маҳаллий инвесторлар;

барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш корхоналари;

кластерлар ташкил этишда қатнашиши қонунларда тақиқланмаган бошқа юридик шахслар.

Мева-сабзавотчилик кластери унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади.

Мева-сабзавотчилик кластерини таъсис этишда унинг муассислари ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Мева-сабзавотчилик кластери тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда шу жумладан хорижий инвестор билан қўшма корхоналар шаклида ташкил этилиши мумкин.

Мева-сабзавотчилик кластери таркибида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари мева-сабзавотчилик кластерининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Мева-сабзавотчилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш қуйидаги асосий тамойилларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

мева-сабзавотчилик кластери хорижий инвесторлар ёки маҳаллий тадбиркорлар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилади, бунда муассислар таркибига, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, қадоқлаш, ташиш, сотиш корхоналари, илмий марказлар кириши мумкин;