Жамият | 17:22 / 01.03.2020
34754
3 дақиқада ўқилади

«2 млн ойлик бўлса, қариган чоғларида ота-онамни ташлаб келмасдим». Мусофирликдаги орзу-армонлар

Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик мигрант меҳнат қиляпти. Kun.uz мухбирлари бу давлатга сафари давомида ўндан ортиқ ватандош билан учрашиб, уларнинг мисолида ўша миллионлаб ўзбекларнинг муҳожирликдаги ҳаётини кўрсатиб келмоқда.

Навбатдаги қаҳрамонларимиз ҳам бир неча йиллар олдин Россияга келган, турли соҳаларда ишлаб келаётган инсонлардир. Уларнинг ўй-фикрлари, муаммолари ва орзу-ниятлари билан танишамиз.

«5 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғимга иш йўқ. Қизим ўқийди, унинг контрактини тўлашимиз керак. Рўзғордаги етишмовчилик ортидан Россияга келдим», – дейди 48 ёшлар атрофидаги Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан келган ватандош аёл.

Опанинг айтишича, Россияда энг катта қийинчилик бу – соғинч.

«Энг катта қийинчилик соғинч. Нима қилай, қийин. Уйга борсам, қишлоқда аёлларга иш йўқ. Ҳозир бу ердан юборадиган 300-400 доллар пулни уйда бўлсам топа олмайман. Фарзандларим ҳаммаси ейман-ичаман деган ёшда. Ҳозир улар ишлаб кетадиган ёшда эмас.

Энг катта ўғлим 18 ёшда. Мен билан ишлар эди. Яқинда уйга кетди. Ҳали ўз йўлига тушиб кетгани йўқ. Ҳозир қизимнинг контрактини тўлаб туришим керак» дейди у.

Суҳбатдошимиздан яна бири 40 ёшлар атрофида. У Фарғона вилоятидан келган. У Россияда ҳатто патент билан ҳам ишлашда муаммолар борлиги ҳақида айтди.

«Энг катта муаммолардан бири патент масаласи. Патент бўлган тақдирда ҳам, ҳамма жойга бизни ишга олавермайди. Қўрқишади патент билан ишга олишга. Негаки, патент билан ишга олса, иш берувчи яна қандайдир ҳужжатларни тўлдириши керак. Агар патентсиз ёки муддати тугаган патент билан ишласа, ўша фирмага бир одамга 800 минг рубл жарима солинади. Шунинг учун ҳам кўп фирмалар патент билан ҳам ишга олишни рад қилади», дейди фарғоналик муҳожир.

Суҳбатдошларимиздан Ўзбекистонда қанча пул ишлаб топсангиз, бу ерга келмаган бўлардингиз, деб сўрадик. Уларнинг айтишича, ўртача 2 миллион ойлик маош бўлганда Россияга келмаган, ўз ватанида, оиласи бағрида юрган бўлишарди.

«Ўзимизда шу шароит бўлса, ота-онамнинг битта-ю битта ўғли бўла туриб, қариган чоғларида уларни ёлғиз қолдирмаган бўлардим», – дейди қўқонлик яна бир суҳбатдош.

Ватандошларимиздан маҳаллий аҳолининг мигрантларга муносабати, фарзанд тарбияси ва бошқа масалалардаги фикрларини ҳам сўрадик. Суҳбатни юқоридаги видеолавҳа орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид