Очиғи, қайсидир давлат ташкилоти ўзи ташаббус кўрсатиб, фуқаро манфаатларини ҳимоя қилишига, ҳокимликдан ҳақини ажратиб беришига ҳозирча кўникканимиз йўқ. Аммо бу одатий ҳолга айлансагина биз олдинга қадам ташлаган бўламиз.

Масалан, яқинда Kun.uz сайтига Каттақўрғон шаҳридан Йўлдош Бобоев мурожаат қилди. Унинг айтишича, 2013 йилда номида бўлган иккита савдо дўкони ҳамда битта дорихонаси шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилган. Аммо компенсация пулини ҳадеганда ололмагач, 2019 йилга келиб шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган. Фуқаронинг ундан кейинги манфаатлари учун Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимидагилар курашган. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, айрим маҳаллий адлия бўлимлари ҳокимликларнинг «қош-қовоғига қарамай» ҳаракат қилаётгани қувонарли.

2019 йилнинг 16 октябрида Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими фуқаро Й.Бобоевнинг қонуний манфаатларини кўзлаб шаҳар ҳокимлигига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига мурожаат қилади. Буни қарангки, туман суди ҳам адлия бўлимининг даъво аризасини қаноатлантириб, фуқаро фойдасига шаҳар ҳокимлигидан 35 732 635 сўм етказилган зарарни ундиришни кўзда тутувчи қарор қабул қилади.

Аммо шаҳар ҳокимлиги бу сафар ҳам товон пулини тўлаб беришни истамайди. Масала шу тариқа фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига қадар етиб келади.

Биз Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Анвар Шодиев билан суҳбатлашиб, Й.Бобоев масаласида изоҳ олдик.

Суратда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Анвар Шодиев

«Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 3 декабрдаги ҳал қилув қарорида айрим масалаларга эътибор қаратилмагани учун вилоят судига кассация тартибида эътирознома киритдик. Жумладан, «савдо дўконлари шаҳар ҳокимлигининг қарори билан бузилган», дейилган. Ваҳоланки, бундай қарорнинг ўзи йўқ (!). Қолаверса, дўконларнинг нархланишида ҳам номутаносиблик мавжуд. Шундай бўлишига қарамай, ҳокимлик томонидан Й.Бобоевга дўкони ўрнига ер ажратиб берилган. Фуқаронинг бу билан қаноат қилмасдан, яна товон пули талаб қилаётганини ўринсиз деб ҳисоблаймиз»,– дея вазиятни изоҳлади А.Шодиев.