2 март куни Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азиз Долихўжаев «Avto oltmish oy» МЖЧ фаолияти бўйича қўшимча маълумотлар берди.

«Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, дастлабки тергов муддати 3 ой этиб белгиланган. Ушбу муддат тегишли прокурор томонида 5 ойгача, Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари томонидан эса 7 ойгача узайтирилиши мумкин.

«Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов учун белгиланган муддат 5 ойгача узайтирилган. 12 март куни ушбу муддат якунига етади. Лекин жабрланувчиларнинг ҳаммаси сўроқ қилинмагани, барча ҳолатларга ойдинлик киритилмагани сабабли тергов жараёни яна бирмунча вақт олади.

Сабаби жабрланувчиларнинг сони жуда кўп, улар республиканинг турли ҳудудларида яшайди. Жиноят иши бўйича Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимдаги ходимларидан иборат тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида тергов ҳаракатлари олиб бориляпти ва департамент томонидан жамланиб келинмоқда.

Ҳозиргача мазкур жиноят иши бўйича қарийб 17 минг нафар фуқаро сўроқ қилинди. Жабрланувчилар тўлиқ сўроқ қилиниб, зарар миқдори аниқлангандан кейингина тергов якунланади ва иш судга оширилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбековнинг қўшимча қилишича, айни пайтда тергов муддатини 7 ой, яъни 2020 йил 12 майга қадар узайтириш чораси кўрилмоқда.

SNC2165bYj0IjuddeZ4nhhYpbto6dM4M.jpg (1000×650)
Ойбек Қулбеков

«Қонун билан дастлабки тергов муддати 7 ойгача узайтириш мумкинлиги кўрсатилган. Ундан ортиқ узайтириш имконияти йўқ. Лекин бу жиноят ишини 7 ойгача чўзиб тергов қиламиз дегани эмас. Чунки жабрланувчиларни қизиқтираётган энг биринчи масала – «Avto oltmish oy» МЧЖга тўлов қилинган пулларни имкон қадар тезроқ қайтариб олиш. Шунинг учун бор имкониятларимизни ишга солганмиз.

Бизга боғлиқ бўлмаган битта омил шуки, айрим фуқароларимиз терговга келишдан бош тортишмоқда. Улар билан лозим бўлган тергов ҳаракатларини ўтказсак, жиноят иши бўйича қилиниши керак бўлган бошқа техник ишларни якунлаб олсак, қисқа муддатларда ушбу жиноят иши бўйича терговни якунлаб, қарор билан тегишли судлов органига оширамиз», дейди у.