Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МИБ: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Йўлдош бобога товон пулини тўлаб берди
Kun.uz сайтида Каттақўрғон шаҳрида тадбиркорнинг дўкони бузилиб, йиллар давомида у маҳаллий ҳокимликдан компенсация пулини ололмай келаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати муносабат билдирди.
«Kun.uz сайтида «Йўлдош бобонинг дўкони қарорсиз бузилганмиди? Ёхуд ҳокимликнинг «қош-қовоғига қарамаган» адлия бўлими» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро Йўлдош Бобоевнинг дўкони бузилиб, компенсация пулини ололмай келаётгани айтилган. Шуни маълум қиламизки, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 2 мартда 41-ф рақамли фармойиши қабул қилинди ва унга асосан Й.Бобоевнинг 35 млн 732 минг 635 сўм миқдоридаги товон пули тўлаб бериладиган бўлди», — дея муносабат билдирмоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, шаҳар адлия бўлими Йўлдош Бобоевнинг манфаатини кўзлаб, 2019 йилнинг 3 декабрида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритган ва масала фуқаро фойдасига ҳал бўлган. Ҳокимлик эътирознома киритгач, жорий йилнинг 30 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида тадбиркорнинг узоқ чўзилган компенсация масаласи қайта кўрилиб, туманлараро суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилганди.
МИБ Самарқанд вилоят ахборот хизматининг таҳририятимизга маълум қилишича, Бюронинг Каттақўрғон шаҳар бўлими шаҳар ҳокимлиги фармойишига кўра ажратилган 35 млн 732 минг 635 сўм миқдоридаги товон пулини ундириб, Йўлдош Бобоевнинг пластик карточкасига ташлаб берган.

Мавзуга оид
17:49 / 08.01.2026
Сирдарёда тадбиркорлар мулки суд қарорисиз бузилмоқда. Шикоятчилар билан ИИБ “шуғулланяпти”
14:36 / 05.09.2025
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгаяди
11:43 / 30.07.2025
Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгаяди
12:16 / 06.06.2024