15:35 / 03.03.2020
0
7265

«Меҳр» операцияси бўйича Ўзбекистоннинг тажрибасига бағишланган халқаро конференция бошланди

Бугун, 3 март куни, Тошкент шаҳридаги Hilton меҳмонхонасида «Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институтларнинг вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар ходимлари, шунингдек, бир қатор хорижий экспертлар қатнашмоқда.

Анжуманда «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» операцияларида фаолият юритган қатор орган вакиллари турли йўналишлар, хусусан, қайтиб келганларни ҳуқуқий, диний, психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Таъкидланишича, конференциядан мақсад – реинтеграция ва диний-экстремистик, террористик ташкилотларга боғлиқ шахсларни реабилитация қилиш соҳасида Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти сиёсатининг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишларини муҳокама қилишдир.

Илмий-амалий конференциянинг иккинчи кунида иштирокчилар Термиз шаҳрида бўлиб, Сурия ва Ироқдан олиб келинган аёллар ва болалар яшаш тарзи билан танишади.

Бундан мақсад – тиббий ёрдам, таълим ва бошқа ижтимоий дастурлардан фойдаланиш, шунингдек, психологик-ижтимоий ёрдам билан таъминлаш масалаларини ўрганиш, минтақанинг бошқа мамлакатлар учун муҳокама қилинадиган масалалар бўйича амалий тавсияларни ишлаб чиқиш, бу соҳада Ўзбекистоннинг ижобий тажрибасини минтақавий ва халқаро ҳамжамиятга етказишдан иборатдир.

Эслатиб ўтамиз, «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» инсонпарварлик ҳаракатлари 2019 йилда ўтказилиб, ушбу тадбирлар доирасида 261 нафар аёл ва бола яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли тўқнашувлар зоналаридан қайтарилган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top