Қайд этилишича, қуйидагилар:

Президентнинг “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон қарорига асосан “Аммофос-Максам” АЖ негизида 2019-2024 йиллар давомида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини камида 100 минг тоннага ошириш чора-тадбирларининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини II босқичда (1-босқичда - 20 минг тонна, 2-босқичда - 80 минг тонна) модернизация қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган;

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 25 октябрдаги ПҚ-3983-сон қарорига асосан “Навоий КМК” ДКнинг Қизилқум фосфорит комбинатининг мулк комплекси қолдиқ баланс қийматида “Ўзкимёсаноат” АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритилиб, 100 фоиз улуши “Ўзкимёсаноат” АЖга қарашли “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ ташкил этилган;

Президентнинг “Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4124-сон қарорига асосан 2026 йилгача “Олмалиқ КМК” АЖга 2,9 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этиш ва 2023 йилгача мис ишлаб чиқариш ҳажмини 28 фоизга, рух ишлаб чиқариш ҳажмини 75 фоизга ошириш назарда тутилган;

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда (“Олмалик КМК” АЖ) мис ва рух ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган олтингугурт кислотасининг утилизацияси “Аммофос-Максам” АЖда фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида амалга оширилиши ҳамда “Аммофос-Максам” АЖ “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган фосфорит хомашёсининг асосий истеъмолчисидир.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖнинг истисно тариқасида:

“Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли “Аммофос-Максам” акциядорлик жамияти устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини “Олмалиқ КМК” АЖга ишончли бошқарувга беш йил муддатга бериш;

“Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли 100 фоиз улушини номинал қийматда “Олмалиқ КМК” АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш таклифларига розилик берилди.

“Олмалиқ КМК” АЖ “Аммофос-Максам” АЖ ва “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖнинг ишлаб чиқариш ва бошқарув самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

“Ўзкимёсаноат” АЖнинг “Аммофос-Максам” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини “Олмалиқ КМК” АЖга ишончли бошқарувга ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖнинг 100 фоиз улушини номинал қийматда “Олмалиқ КМК” АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.