Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тиббиёт фанлари доктори, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Ботир Тожиев билан суҳбатда коронавирус инфекцияси бўйича саволлар билан мурожаат қилди.
– Коронавирус юқиши ва белгилари ҳақида маълумот берсангиз?
– Коронавирус инфекциясининг яширин даври 2 кундан 14 кунгача давом этади. Ҳозирги кунда вирус тарқалиши асосан одамдан одамга яқин алоқа оқибатида юз бермоқда. Унинг аломатлари иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳисобланади.
Вирусни барча ёшдаги одамлар юқтириши мумкин. Ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда касаллик оғирроқ кечиши мумкин. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунё давлатлари мутахассислари ушбу вирусга қарши янги вакцина ва даволаш методларини яратиш устида фаол ишлашмоқда.
– Ҳозирда хасталикдан сақланишда қўлларни ювиш муҳим ўрин тутиши ҳақида кўп гапирилмоқда....
– Тўғри. Қўлларни тез-тез ва совун билан яхшилаб сувда ювишнинг аҳамияти беқиёс. Бундан ташқари, спиртли дезинфекциядан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, уй ҳайвонлари олдидан қайтганда ҳам қўлларни ювишни унутмаслик керак. Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун аҳолига қўл ювишнинг аҳамияти ҳақида sms-хабарлар тарқатилаётганининг сабаби ҳам ана шунда.
– Мутахассис сифатида коронавирусни юқтириб олмаслик ёки унинг хавфини камайтириш учун яна қандай эҳтиёт чораларини кўриш керак, деб ўйлайсиз?
– Аввало, шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилган одамлар билан яқин алоқа қилишдан тийилинг. Юзни қўл билан ушламанг. Имкон қадар бозор, вокзал, катта дўконлар каби одамлар йиғиладиган жойларга боришни камайтиринг. Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз ва бурнингизни беркитинг. Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
– Инфекциядан сақланиш мақсадида ҳимоя ниқобини тақиб юриш қанчалик зарур?

















