Пайшанба куни илк қурбон берилди - Британиянинг Flybe авиакомпанияси. Бу компания анчадан буён банкротлик ёқасида қолаётганди. Коронавирус сўнгги томчи бўлди.

Бошқалар ҳозирча бардош беришмоқда, аммо кундан кунга уларнинг боши узра ҳам қора булутлар тўпланмоқда. Икки ҳафтагина олдин Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси (IATA) вирус эпидемияси туфайли авиакомпаниялар кўрадиган зарар миқдорини 30 млрд долларга баҳолаганди. 5 март кунига келиб эса бу рақамлар икки баробар ўсди - 63 млрд доллар.

Бу ҳам энг камида. Агар вирус тарқалишининг олди олинмаса, йўқотишлар дастлабки прогноздагидан кўра тўрт баробарга ошиши ҳам мумкин - 113 млрд доллар.

«Вазият фавқулодда мураккаб. Воқеалар шундай сценарийда ривожланмоқдаки, бунинг прецеденти (ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга ўрнак бўла оладиган воқеа-ҳодиса) йўқ. Қандайдир икки ой ичида бутун дунёда ушбу соҳанинг истиқболлари кескин ёмонлашди», - деган IATA раҳбари Александр де Жуньяк.

Ҳолбуки ўн йиллик ёмон бошланмаганди.

Даҳшатли нолинчи йиллар - АҚШдаги терактлар, SARS атипик пневмонияси авж олиши, лоукостерлар билан нархлар бўйича рақобат ва 2009 йилги молиявий инқироздан кейин 2010-йиллар авиакомпаниялар учун ҳақиқий ренессанс бўлганди. Улар янги йўналишлар кўпайиб, нархлар пасайтирилиши эвазига ўзини ўнглаб олган, бунда бойий бошлаган ўн миллионлаб хитойликлар дунё бўйлаб саёҳатларга отланиши ҳам ўз ҳиссасини қўшганди.

Ўсиш давом этди ва барчаси ортда қолгандек эди. Савдо урушлари, брексит ва бошқа геосиёсий муаммолар туфайли 2019 йилда кутилган натижаларга эришилмаган бўлса-да, бу соҳа барибир сердаромадлигича қолган, 2020 йилда ҳам ишлар чаппасига кетишини ҳеч ким кутмаётганди. Балки акскинча.

Янги йил арафасида IATA умидбахш прогноз берди: жаҳон авиацияси даромадлари 4 фоизга ўсиб, 870 млрд доллар ишлаб олиши ва деярли 30 млрд доллар соф даромад кўришини кутаётганди.

Икки ой вақт ўтди, энди гап даромад кўриш ҳақида эмас, балки омон қолиш ҳақида бормоқда.