Қадим замонлардан буён одамлар тошқинларга қарши курашиш ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш учун оддий халқ "тўғон" деб атайдиган сунъий гидроиншоотлар қуриб келишган. Улардан дастлабкилари бир неча минг йил олдин Месопотамия ва Яқин Шарқда бунёд этилган. Агар илк  тўғонлар баландлиги беш метрдан ошмаган ибтидоий иншоотлар бўлган бўлса, 19 аср охирида сувдан электр энергиясини ишлаб чиқариш ғояси пайдо бўлганидан кейин уларнинг аҳамияти ҳам, ўлчамлари ҳам сезиларли даражада ошди.

International Rivers маълумотига кўра, бутун дунё бўйича 57 мингдан ортиқ катта тўғон бўлиб, улар орасида энг каттаси Хитойнинг асосий сув томири - Янцзи дарёси бўйида жойлашган “Уч дара” тўғонидир. Бу улкан иншоот шунчалик йирикки, у максимал даражада тўлдирилган вақтда 39 миллиард тонна сувни ўз ичига олади, бу Ернинг айланиш инерцияси ўзгаришига олиб келади. Натижада кун 0,06 микросекундга узунроқ бўлади.

Йирик тўғонлар доимо қўриқланадиган стратегик объект ҳисобланади ва бу тушунарли, чунки улар ўпириладиган бўлса нафақат суғориладиган далалар, балки дарёнинг қуйи оқими бўйлаб яшайдиган инсонлар ҳам хавф остида қолади.

Қайд этиш жоиз, техника ва технология ривожланиши билан инсон ресурсларига эҳтиёж камаяди. Масалан, Вадомохон сув омбори (Гвадалквивир дарёси, Испания) тўғонида атиги 3 киши ишлайди, доимий қўриқчилар эса йўқ.

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган UzWaterAware сув масалаларидан хабардорлик лойиҳаси доирасида журналистлар ва Ўзбекистондаги тегишли давлат идоралари матбуот хизматлари ходимлари Испанияда бўлиб, у ерда, жумладан Гвадалквивир дарёсининг асосий тўғонларидан бири – Вадомохонда олиб борилаётган ишлар  билан танишди.

Сув омбори 1993-1997 йилларда қурилган. Бугунги кунда у нафақат суғориш, балки энергетик  аҳамиятга ҳам эга. Дарёнинг табиий оқимини сақлаб туриш учун сув оқими 250 л / сек миқдорида бўлади. Тўғоннинг техник директори Педро Эскрибанонинг сўзларига кўра, сув омбори ҳудудида доимий қўриқчилар йўқ, уни маҳаллий полиция қўриқлайди.