ЮНИСЕФ ўз сайтида Термиздаги Меҳрибонлик уйидан ўғлини олиб кетган аёл тўғрисидаги ҳикояни чоп этди. (Шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида исмлар ўзгартирилган)

Фото: UNICEF Uzbekistan

Аҳаджон 2008 йилда, ота-онаси Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида ишлаётган даврда туғилган. Кўп ўтмай, отаси оилани ташлаб кетган.

Она ва ўғил Ўзбекистоннинг жанубий вилоятидаги Термиз шаҳрининг тор кўчасида қўл ушлашиб боришмоқда. Шоира ўғли Аҳаджонни Меҳрибонлик уйидан олиб кетганига энди бир кун бўлди.

У ўғлининг келажагидан хавотирланиб, кўзида ёш билан унга қарайди. Ўғли яна Меҳрибонлик уйига қайтмаслиги учун у ҳали кўп қийинчиликларни енгиб ўтиши керак.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, барча ўғил-қизлар ўз оиласида катта бўлиш ҳуқуқига эга. Ота-оналари ёки бошқа қариндошлари бўлишига қарамасдан, афсуски, ҳамма болалар ҳам ушбу ҳуқуқдан баҳраманд бўлмайдилар,»- дейди Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган 12-сонли Меҳрибонлик уйи директори Дилбар Сувонова.

Дилбар Сувонова 8 йилдан бери Меҳрибонлик уйининг директори бўлиб ишлаб келмоқда ва унинг фикрича, бола учун энг яхши жой унинг ўз оиласидир.

«Мигрант ота-оналари томонидан ташлаб кетилган баъзи болалар охир-оқибат муассасамизга жойлаштирилади. Бу ердаги жуда яхши шароитларга қарамай, уларнинг барчаси ўз оилалари билан яна бирга бўлишни орзу қиладилар. Болалар ота-оналаридан ажратилганида, улар хавотирда бўлиб, тенгдошлари ҳамда катталар билан ҳар қандай мулоқотдан қочишга мойил бўлишади. Аҳаджон ҳам мен уни учратганимда худди шундай эди», дейди у.

Ўқитувчилар, шифокорлар ва психологлар Аҳаджонга мактабга боришга, дўстлар орттиришга ва ўз болалигидан завқ олишга ёрдам бериш учун жуда кўп ҳаракат қилишди.

Дилбар опанинг айтишича, ЮНИCEФнинг ижтимоий иш ва ҳар бир ҳолатни кўриб чиқишда махсус ёндашув мавзусидаги тренинг Аҳаджон сингари болалар билан ишлашда Меҳрибонлик уйи ходимлари учун жуда фойдали бўлган.