Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш бўйича 700 млн долларлик дастурлар амалга оширилади
Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш бўйича 700 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни кўзда тутилган
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маълум қилди.
«Хабарингиз бор, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланди ва бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни бошладик.
Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак: камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда ишсизликни камайтириш керак. Аввало, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда, айниқса аёлларимизда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур», - дейди давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бу борада жаҳон ҳамжамияти тажрибасини атрофлича ўрганиб, халқаро ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
«Биз бу борада жаҳон ҳамжамияти тажрибасини атрофлича ўрганиб, халқаро ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Айни вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатлар билан тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, камбағалликка қарши кураш бўйича шу йилнинг ўзида 700 миллион долларлик дастурларни амалга оширишни кўзда тутмоқдамиз», - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, президент Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилди.
«Ҳудудларда, айниқса қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбайига эга эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Буни яшириб юришга ҳаққимиз йўқ. Энди очиқча айтишимиз керак. Ҳурматли депутатлар ҳам, сенаторлар ҳам шуни билиши керак.
Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу – кичкина рақамлар эмас. Гап 4-5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу – жуда катта рақам», - деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
11:04 / 15.08.2025
Айрим оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади
17:13 / 13.08.2025
Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатларга етиб олишига 100 йилдан кўпроқ вақт керак — Жаҳон банки
12:53 / 26.07.2025
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 6,8 фоизга тушди
16:03 / 12.07.2024