Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавфсизлик тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар биотехнологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланади:

биотехнологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва биологик хавфсизликни, айниқса ген муҳандислиги фаолияти хавфсизлигини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш, жорий қилиш, ишлаб чиқариш ва сотиш учун инфратузилмани яратиш;

биотехнологиялар соҳасидаги устувор инновацион ва инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш;

янги инновацион биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар даражасини ошириш, уларнинг глобал илмий маконга интеграциялашувини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қўллашда биологик хавфсизликни таъминлаш;

янги биотехнологиялар, биоинформатика, биофармацевтика, биотиббиёт, фудомикс, метаболомикс, хемометрикс, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш каби соҳаларда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг барқарор ишлаши ва ривожланиши учун шароит яратиш;

биотехнологик маҳсулотларнинг янги бозорларини шакллантириш, шунингдек, биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

ички бозорда ва ишлаб чиқариш соҳаларида биотехнологик маҳсулотларнинг истеъмолини ва қўлланиш ҳажмини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биотехнологияларни ривожлантириш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланади ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

биотехнологиялар соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш орқали барқарор ривожланишига кўмаклашиш;

биотехнологияларни ривожлантириш бўйича мақсадли илмий дастурларни амалга ошириш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш;

биотехнологиялар соҳасида рақобатбардош, иқтисодий жиҳатдан самарали ечимлар, янги маҳсулотлар ва технологияларни яратишга йўналтирилган устувор илмий йўналишларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;