Турли вилоятлардан келган ичимлик суви билан боғлиқ мурожаатларни ўрганар эканмиз, муаммонинг ечими осон эмаслигини бизни ҳам таассуфга солади. Айрим тоғли ҳудудларда катта маблағ эвазига сув иншооти қурилиши ҳам фойдасиз —сув чиқмайди.
Масалан, Қашқадарё вилоятидаги Ғузор, Миришкор ва бошқа туманларда ерости сувлари бор, аммо у истеъмолга яроқсиз. Ҳозирча ягона ечим сифатида ҳокимликлар махсус машиналарда аҳолига ичимлик суви етказиб бермоқда.
Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани, «Ғазира» маҳалласидаги Наврўзтепа қишлоғининг юзлаб хонадонларида истеъмол тугул, қўл ювиш учун ҳам сув танқислиги кузатилаётгани эса, фикримизча, эътибор етишмаслигидан.
Ҳолбуки, шундоққина қишлоқ четида сув иншооти бор. Эски, ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган, аммо яхши ишламаяпти. Муаммо шундаки, таъмирлаш вақтида сув иншоотига кичик насос ўрнатилгани сабабли кам ҳажмда сув чиқаради. Яна бир ёмон томони — аҳоли энди сув ола бошлаганда электрда узилиш рўй беради. 5 соат мунтазам электр бўлсагина иншоот сув чиқара бошлайди. Лекин Ғазирадаги қишлоқларда 5 соат мунтазам электр узатилишининг ўзи камёб ҳодиса экан.


Ҳудудда бир неча қудуқ бор, аммо суви истеъмолга яроқсиз, одамлар бу сувни ичишга тайёр, аммо қудуқ суви тез тугаб қолади. Ариқларда ҳам сув тўхтагач, аҳолининг ростакамига силласи қуриган.
Маҳалладаги бир неча нуқтада марказлашган тармоққа уланган сув қувури бор. Бироқ, бу қувурларга термулган кўзлар ҳам 5 соат давомида электр ўчмаслигидан умидвор.
Сув иншоотини таъмирлаш ҳамда ҳеч бўлмаса куннинг асосий қисмида электр таъминотини тиклаш муаммога ечим бўлиши мумкин. Ана шундай ечим йўқлиги сабабли аҳоли мутасаддиларни эътиборсизликда айбламоқда. Улар қўлда челак билан, ҳали сув иншооти, ҳали қудуқ ва ариқларда сарсон бўлмоқда.





















