Жаҳон | 15:50 / 10.03.2020
15856
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда «ГТА тўдаси» аъзолари 25 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тожикистонда суд «ГТА тўдаси»нинг икки аъзосини 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси сайтида хабар берилди.

Фото: Олег Давыдов / ТАСС

Суд Тожикистон фуқаролари Боир Ғуломов ва Мурожон Каримовни тўдада иштирок этганлик, Россияда қотиллик, талончилик ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.

2014 йилда Россияда «ГТА тўдаси»нинг баъзи аъзолари қўлга олинди. Ғуломов ва Каримов яширинишга муваффақ бўлди ҳамда халқаро қидирувга берилди. 2014 йил охирида улар Тожикистонда аниқланди

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, Тожикистон қонунчилиги ўз фуқароларини бошқа давлатларга топширишга йўл қўймайди, шунинг учун маҳкама Тожикистон Бош прокуратурасига иш материалларини юборди ва ушланганларни жиноий жавобгарликка тортишни сўради.

2014 йилда Москва областидаги М-4 «Дон» трассасида бир қатор ваҳший қотилликлар юз берган. Россия ОАВ бу жиноятларни амалга оширган жиноий гуруҳни «ГТА тўдаси» (GTA компьютер ўйинига ўхшаш жиноятлар амалга оширгани сабабли) деб номлаган. 2014 йил ноябридаги тезкор-қидирув тадбирлари давомида Россия ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари тўда етакчиси Ибайдулло Субхоновнинг жойлашган ўрнини аниқлашга муваффақ бўлган ва операция давомида уни йўқ қилган. Шунингдек, тўданинг яна 9 аъзоси қўлга олинган. Тўданинг қолган 4 аъзоси қочиб кетишга муваффақ бўлган ва улар халқаро қидирувга берилган. 2015 йил октябрда ушбу иш бўйича тергов якунланган.

Бу жиноий тўда Москва шаҳри, Москва ва Калуга областлари ҳудудида 16 та босқинчиликни амалга оширган, бу жиноятлар давомида 17 кишини ўлдирган, 2 киши ярадор бўлган. 

2017 йилда Москва области судида рўй берган отишма давомида «ГТА тўдаси» аъзоларидан 4 нафари ўлдирилди.

Мавзуга оид