Ўзбекистон | 08:19 / 11.03.2020
22002
2 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари коронавирус туфайли Ўзбекистонга ташрифини бекор қилди

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Покистонга ташрифлар «эҳтиёт чораси сифатида» қолдирилган.

Марк Эспер / Фото: REUTERS/Yuri Gripas

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер коронавирус туфайли Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Покистонга ташрифларини бекор қилди. Бу ҳақда Пентагон вакили Алисса Фара хабар берди.

«Эҳтиёт чораси сифатида мудофаа вазири Эспер Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Покистонга сафарларини кейинга қолдиришга, АҚШда қолишга ва Мудофаа вазирлигига коронавирусга қарши курашда ёрдам беришга қарор қилди», - деб ёзади Фара Twitter’да.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойининг бошида АҚШ давлат котиби Майк Помпео тўрт кун ичида у тўрт давлатга, шу жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Помпеонинг ташрифидан бир неча кун ўтгач, Давлат департаменти Вашингтоннинг Марказий Осиё республикалари билан муносабатларини баён этувчи ҳужжатни эълон қилди.

29 февраль куни Вашингтон ва «Толибон» ўртасида тинчлик битими имзоланди, душанба куни эса ОАВ АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни бошлагани тўғрисида хабар берди. Келишувга кўра, Қўшма Штатлар толиблар билан битим имзолангандан кейин 135 кун ичида минтақадаги қўшинлари сонини 8,6 минг аскаргача камайтириши керак. 

Аввалроқ, соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда ҳозирча йирик ички тадбирларни бекор қилишга асос йўқлиги ҳақида маълум қилганди. 

Мавзуга оид