АҚШ Мудофаа вазирлиги Европадаги америкалик ҳарбий контингентни жойлаштириш масаласини расман қайта кўриб чиқишга киришди. Бу ҳақда Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет июн ойида Брюсселда бўлиб ўтган НАТО мудофаа вазирлари йиғинида маълум қилган режалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Пентагон раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Элбриж Колбининг маълум қилишича, мазкур таҳлилдан кўзланган асосий мақсад Европа давлатлари ўзининг анъанавий қурол-яроғлари орқали қитъа хавфсизлиги учун асосий масъулиятни ўз зиммасига оладиган янги моделни шакллантиришдан иборат.
Унинг таъкидлашича, бу ёндашув НАТОни «НАТО 3.0» деб аталувчи янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Янги концепция алянснинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, АҚШга бир вақтнинг ўзида турли минтақалардаги хавфсизлик вазифаларини бажариш имконини яратиши лозим.
Колби қайта кўриб чиқиш жараёни АҚШнинг 2025 йилги Миллий хавфсизлик стратегияси ва 2026 йилги Миллий мудофаа стратегиясига асосланишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Пентагон геосиёсий вазият ва ҳарбий таҳлилларга таянган ҳолда бир нечта эҳтимолий сценарийларни ишлаб чиқади.
Сўнгги йилларда АҚШ президенти Доналд Трамп ва мудофаа вазири Пит Ҳегсет НАТОнинг Европа аъзоларини мудофаа харажатларини оширишга чақириб келмоқда. Улар кўп маротаба Европа давлатлари хавфсизлик масаласида АҚШга ортиқча таяниб қолганини танқид қилган.
2025 йил июн ойида Ҳаагада ўтган НАТО саммитида аъзо давлатлар 2035 йилга қадар мудофаа харажатларини ЯИМнинг камида 3,5 фоизига етказиш, шунингдек, мудофаа билан боғлиқ қўшимча эҳтиёжлар учун яна 1,5 фоиз маблағ ажратишга келишиб олган эди. Бу аввалги 2 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан анча юқори ҳисобланади.
Шунингдек, НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари қўмондони, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Алексус Гринкевич ҳам Европа давлатлари ўз ҳарбий имкониятларини ошириши билан узоқ муддатли истиқболда АҚШ қўшинларининг бир қисми дунёнинг бошқа минтақаларига кўчирилиши мумкинлигини билдирган.











