Сешанба куни Москва биржаси очилишида доллар 3,4 рублга - 71,9 рублгача ошди. Евро 4,2 рублга - 81,7 рублгача қимматлашди. Тушга келиб рубль евро ва долларга нисбатан мустаҳкамлана бошлади. 

Москва биржаси индекси қарийб 6, РТС индеси эса 11 фоиздан ортиқроққа пасайди. Бутун бошли нефть соҳаси - «Лукойл», «Татнефть» ва «Роснефть» акциялари қулашда етакчи бўлди. Орадан бир соатча ўтиб Мосбиржанинг пасайиши секинлашиб, 3,4 фоизни, РТС эса 7 фоизни ташкил этди. Би-би-си мазкур ҳолатни таҳлил қилди.

Нима учун қулаш юз берди?

Жаҳон бозорида кейинги бир неча ҳафта давомида пасайиш кузатилаётганди. Бунинг асосий сабаби эса коронавирус тарқалиши бўлди. Бозор иштирокчилари у жаҳон иқтисодиёти ўсишига ва табиий бойликларга бўлган талабга зарба беришидан хавфсираётганди. 

Натижада инвесторлар ўзлари хатарли деб ҳисоблаган барча активлар, жумладан Россия рублидан воз кеча бошлади, унинг ўрнига анъанавий ҳимоя активлари, масалан, АҚШ ғазначилиги облигациялари ва олтин сотиб ола бошлади.

Ҳафта охирига келиб бунга яна бир омил қўшилди: ОПЕКка аъзо давлатлар Россия ва бошқа давлатлар билан нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш борасида келиша олмади. Кейинги йиллар давомида нефть нархини ушлаб турган битим бекор бўлди.

Саудия Арабистони ва Россия нефть бозорида уруш қилишга тайёрланаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Блумберг агентлиги бундай уруш "узоқ ва вайронкор" бўлишини билдирди. Агар мамлакатлар нефть қазиб олишни оширадиган бўлса, бу бутун соҳага жиддий зарба бўлади. Халқаро энергетика агентлиги буни "рус рулеткаси" деб атади.

Душанба куни нефть нархи рекорд – 31 фоизга тушиб кетди, бу 1991 йилдан бери энг қатта қулашдир. Сўнгра нефть нархи озгина кўтарилди. Сешанба куни эрталаб бир баррель Brent 35,84 долларни ташкил этди.

Иқтисодчилар нефть нархи тушишини тахмин қила бошлади. Bank of America яқин ҳафталарда Brent нархи бир баррель учун 20 долларгача тушишини кутмоқда. Банк нефтнинг бу йилги ўртача нархи бўйича тахминини пасайтирди.  Агар илгари Bank of America 2020 йилда бир баррель нефть нархи 45-54 доллар бўлишини тахмин қилган бўлса, эндиликда 41-49 доллар бўлишини кутмоқда.

Россия ҳукумати рублни қандай қилиб қўллаб-қувватламоқчи?

Марказий банк ва молия вазирлиги рублни қўллаб-қувватлаш бўйича дастлабки чораларни эълон қилди.