Таътил ҳозирча икки ҳафта давом этиши белгиланган.

Талабаларни карантин таътилига юбориш – камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Хўш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бундай тадбирларга қай даражада тайёр? Ўқувчи-талабалар учун қандай имкониятлар тайёрланди? Таътил муддати узайтирилиши борасидаги гаплар асосга эгами? Вилоятларга қатновчилар таксиларда нархнинг сунъий оширилишига қарши қандай чоралар кўрилади?

Kun.uz мухбири шу ва бошқа мавзулар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов билан суҳбатлашди.

«Талабаларни карантин доирасида вилоятларга юбориш ёзги ва қишки таътил шаклида ташкил қилинади»

Ўқувчи ва талабаларни таътилга юбориш ишлари қандай ташкил қилинмоқда ва бу жараёнда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади? Вазир Мажидовдан дастлаб шу ҳақда сўрадик.

«Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини таътилга чиқариш ишларини бошладик.

Айтганингиздек, кеча Бош вазир томонидан ўтказилган алоҳида йиғилишда бу ҳақда топшириқ берилди. Таътилга барча ўқувчи ва талабалар юборилади. Бунда таълим шаклига кўра, ҳам кундузги, ҳам кечки ўқийдиганларнинг дарс ва табиийки, имтиҳон жараёнлари ҳам сурилади.

Бугун эрталабдан олий ўқув юртлари талабалари ташкиллаштирилган ҳолда вилоятда яшайдиганлари вилоятларга чиқа бошлашди. Бугундан барча дарс машғулотлари тўхтатилган», – деди вазир.

Мажидовга кўра, бугунги кунда таълимнинг барча шакллари бўйича (академик лицей, коллеж, олий таълим муассасалари – таҳр) Тошкент шаҳрида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган 80 мингга яқин ўқувчи-талаба таҳсил олади.

«Бу қандай ташкил қилинади, дедингиз. Бу худдики ёзги ва қишки таътил шаклида ташкил қилинади. Бу жараёнда асосан 3 кун ичида талабаларнинг катта массаси чиқиб кетиши режа қилинмоқда. Масалан, 15 мартнинг ўзида «Талабалар шаҳарчаси»ни 900га яқин талаба тарк этди. Бизда бунинг ташкилий формалари бор.

Тошкентдаги «Талабалар шаҳарчаси»да 8 мингга яқин талаба истиқомат қилади. Биз улар учун алоҳида кассалар ташкил қиляпмиз.