2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда камбағаллик ҳақида очиқ гапирила бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилди.

Kun.uz мухбири шу мавзуда сиёсатшунос-иқтисодчи, PhD даражасига эга ижтимоий ва давлат секторидаги инновациялар соҳаси мутахассиси Баҳром Ражабов билан суҳбатда бўлди.

– Жаҳон банки экспертлари томонидан 1990 йилда камбағалликни ўлчаш бўйича методика таклиф этилган. Методика бўйича камбағаллик кўрсаткичини аниқлашдаги мезонлар нималардан иборат?

– 2017-2018 йилларга қарайдиган бўлсак, Жаҳон банки Ўзбекистон бўйича камбағаллик кўрсаткичини келтирган. Шу рақамларга асосланиб, айтиш мумкинки, 2017 йилда Ўзбекистонда камбағаллик  11,9 фоиз бўлган. 2018 йилда бу кўрсаткич 11,4 фоизга тушган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, айнан Жаҳон банки одатда ҳукумат тақдим қилган статистик маълумотларга асосланиб бу рақамларни беради. Демак, бу рақамлар бўйича биз 2018 йилда ана шу вазиятда эдик.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, камбағал ва ўрта даражадаги мамлакатларда камбағаллик 9,6 фоиз эди. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нисбатан юқори.

Мезонларга келадиган бўлсак, шуни тушуниш керакки, ўта камбағаллик кўрсаткичи (extreme poverty) бор. Кунига 3 доллар 20 центга яшайдиган аҳоли қашшоқ эмас, камбағал дейилади. Кунига 2 доллардан камроқ пул топадиган аҳоли сони қашшоқ ёки ўта камбағаллар қаторига киради.

Камбағаллик турлари ҳар хил. Камбағаллик дейилганида ана шу турларни ҳисобга олиш керак.

– 1990 йилдан бошлаб ҳар икки йилда Жаҳон банки томонидан «Камбағаллик ва ялпи фаровонлик» ҳисоботи эълон қилиб борилади. 2018 йилда тақдим этилган сўнгги ҳисоботда Ўзбекистон бўйича қандай фикрлар билдирилган?