Жаҳон | 18:30 / 19.03.2020
121997
5 дақиқада ўқилади

Италиядаги кичик шаҳарда коронавирусни қандай қилиб тўхтатишди?

Италия шимолидаги митти шаҳарда ўтказилган тажриба орқали коронавирусдан зарарланишнинг янги ҳолатлари қайд этилишига чек қўйилди.

ANADOLU AGENCY

Венециядан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Во Эуганео коммунаси COVID-19 тарқалиши ўчоғида турганида бутун аҳолини тест қилиш бошланди.

Шаҳарда яшовчи ҳамма - 3,4 минг киши, касаллик симптомлари бор-йўқлигидан қатъи назар коронавирусни аниқлаш бўйича тест топширди. Ташхис қўйилган беморлар дарҳол қатъий карантинга юборилди. Улар билан алоқада бўлганлар ҳам.

Imperial College London университети, ушбу тажрибада иштирок этган профессор Андреа Кресантининг маълум қилишича, 10 кун ўтиб барча яна қайтадан тест топширди, натижада беморлар сони 90 фоизга кам бўлган

22 февраль куни Италиядаги коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилган Во коммунасида шаҳар соғлиқни сақлаш органлари айни вақтга келиб инфекция тарқалишини бутунлай тўхтатишган.

«Тест қилиш энг муҳими бўлди, бу кўпларнинг ҳаётини сақлаб қолди», - деган шаҳар мэри Жулиано Мартини журналистлар билан учрашувда.

«Тест қилинг, тест қилинг, тест қилинг»

ЖССТ раҳбари мамлакатларга имкон қадар кўпроқ одамни тест қилишга чақирмоқда / GETTY IMAGES

Шу ҳафтада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча мамлакатларни Жанубий Корея ва Тайвандан ибрат олиб, аҳолини фаоллик билан коронавирусга тестдан ўтказишга чақирди. «Бизнинг асосий мурожаатимиз шу: тест қилинг, тест қилинг, тест қилинг», - деди ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус.

Профессор Андреа Кресантининг сўзларига кўра, Во Эуганиода ҳамма текширувдан ўтказилган. Таҳлиллар натижалари шаҳар аҳолисининг 3 фоизида вирус борлигини кўрсатган. Вирусга чалинишнинг ташқи белгилари мавжуд бўлган бир беморга вирус белгилари йўқ бўлган 10 киши тўғри келган. Уларнинг барчаси изоляция қилинган.

«Одамлар иккинчи марта тест қилинганида ижобий натижалар 90 фоизга камайди», - дейди эксперт.

Муҳими, такрорий тестда симптомларсиз беморлар аниқланди ва улар карантинга жойлаштирилди.

«Агар улар аниқланмаганида, улар инфекцияни бошқаларга юқтиришда давом этишарди», - деган Андреа Кресанти Financial Times нашрига берган интервьюсда.

Бутун мамлакатлар аҳолисини тест қилиш имкони бўлмаса-да, беморлиги аниқ бўлган беморлар билан алоқадор бўлганларни текшириш муҳимдир, дея қўшимча қилади Андреа Кресанти.

Бу бутун Венето провинциясига қўлланиши ва кунига 11 мингдан ортиқ кишидан таҳлил олиниши режалаштирилган.

Миллий карантин

Чоршанба куни Италияда коронавирусдан 475 киши вафот этди ва қурбонлар сони 3 мингга яқинлашди. Бу касаллик тарихидаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи бўлди.

Италияда айни вақтда вирус юқтирганлар сони 36 мингга яқин. Уларнинг 4 минг нафари соғайиб кетган. Бу мамлакат коронавирусдан жабр кўриш бўйича дунёда Хитойдан кейинги иккинчи мамлакат.

Италияда 9 март кунидан бутун мамлакат бўйлаб қатъий чоралар жорий этилган. Вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида одамлардан уйларини тарк этмаслик сўралган. Лекин мамлакатда ўлимлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда.

ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бўлими директори Майк Райаннинг ҳисоблашича, бу соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими катта юклама остида қолгани, ҳар куни шифохоналарга беморлар оқими жуда кўп бўлаётгани билан боғлиқ. Шунингдек, мамлакат аҳолисида кекса ёшлилар улуши юқори.

Коронавирус жаҳонда: пайшанба кунги ҳолат

  • 19 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 160дан ортиқ мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 225 мингдан ошган, 85 мингдан ошиқ киши тузалган, вирус қурбонлари сони 9277 нафарга етди.
  • Ўзбекистонда бугун яна 5 кишида вирус аниқланди ва беморларнинг жами сони 23 нафарга етди.
  • Британияда 2626 кишида вирус аниқланган, 104 киши вафот этган. Жума куни мамлакатдаги барча мактаблар ёпилади, имтиҳонлар кейинга қолдирилади.
  • АҚШда президент Трамп Мудофаа вазирлиги миллионлаб респиратор ниқоблари ва бошқа зарур воситалар ишлаб чиқариш учун сафарбар қилинишини маълум қилди.
  • Испания ҳукумати мамлакатдаги барча меҳмонхоналарни ёпган.
  • ЕИда иттифоқ давлатлари фуқаролари бўлмаганлар учун 30 кунлик тақиқ кучга кирди. Шу билан биргаликда, ЕИ давлатлари ўзаро чегараларни очиб қўйишга қарор қилган.
  • Африкада Саҳрои Кабирдан жанубда илк ўлим ҳолати қайд этилди. Буркина-Фасо Миллий ассамблеяси вице-президенти, 62 ёшли Роуз Мари Компаоре вафот этди.
  • АҚШда Нью-Йорк штати губернатори фармойишига кўра, компаниялар ходимларининг камида 50 фоизи уйдан туриб ишлаши керак бўлади.
  • АҚШ ва Канада ўртасидаги чегара ёпилди - дунёда бу қуруқликда икки давлат орасидаги энг узун чегарадир.
  • Россияда 19 март куни яна 52 кишида коронавирус аниқланди ва беморлар сони 199 нафарга етди. Шунингдек, бугун ушбу мамлакатда вирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди.
  • 18 март куни Россияда хорижликлар мамлакатга киришини тақиқловчи қарор кучга кирди, бу тартиб 1 майга қадар амалда бўлади. Россиядаги мактаблар таътилга чиқади ва таътил 12 апрелгача давом этади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид