2020 йил 16 мартдан эътиборан Ўзбекистонда коронавирус – COVID 19 тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида карантин ҳолати жорий қилинди. Шу боис, Ўзбекистон Мусулмонлари уламолар кенгашининг фатвоси билан 5 вақт жамоат намози ҳамда жума намозини масжидларда ўқиш вақтинча тўхтатилди. Эндиликда, мусулмон аҳолида жума намозини уйда уйда ўқиб олиш мумкинми, деган савол пайдо бўлди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ушбу саволга жавоб берар экан, жумладан қуйидагиларни эслатди.
«Эртага жума куни бўлиши муносабати билан: “Жума намозини уйда ўқисак бўладими?” – деган саволлар кўпайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган. Фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, жума намози дуруст бўлиши учун жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат (изни омма) бўлиши, жума намозини одамларга муфтий томонидан тайинланган киши адо қилиб бериши керак.
Демак, жума намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ: «Жумани адо қилиш учун умумий рухсат (изни омма) бўлиши шарт қилинган. Чунки жума – Ислом шиорларидан бири. Уни одамлар орасида очиқчасига қоим қилиш шарт бўлади», - деган.
Бу мавзуда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: «Умумий рухсат – жоме масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жумъа намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди», - дея таъкидлаган.
Ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Нафл ибодатлар, тиловати Қуръон, дуо-тасбеҳлар, қийин шароитда қолганларга хайру эҳсон қилиш каби Аллоҳ таолога хуш келадиган амалларни кўпайтирайлик. Бошимизга келган синовни ҳам савоб ишлаш учун ғанимат фурсат, деб билайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло тез кунларда фазилатли, катта жамоатларда намозларни адо қилишни насиб айласа, халқимизга хотиржамликни қайтарса. Аллоҳ таоло дунё мусулмонлари, жумладан халқимиздан турли бало-офатларни узоқ қилсин! Омин!», - дейилади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси очиқламасида.
Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатида таъкидлашича, доимий равишда жамоат ёки жума намозини адо этиб юрган банда узрли сабаб боис, уни адо эта олмаса, Аллоҳ таборака ва таоло унга жамоат ва жума намози савобини беравериши ҳақида ривоятлар ворид бўлган.
















