Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий миқёсда тиббий карантин жорий қилинди. Шу боис, барча турдаги ташкилотлар ва ишчи-хизматчиларнинг ўзаро меҳнат муносабатларида қатор саволлар пайдо бўлди. Барча транспорт алоқаларининг тўхтатилиши боис, қиш мавсумида хориждан ватанга қайтган меҳнат муҳожирлари мамлакат ичкарисидаги ишсизлар сафини кенгайтирди. Kun.uz мухбири карантин ҳолатидан келиб чиққан турли саволлар билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга мурожаат қилди.

Карантин ҳолатига доир меҳнат қонунчилиги

 Карантин чораси Ўзбекистонда биринчи марта қўлланилмоқда. Шунинг учун ҳам жуда кўплаб саволлар пайдо бўлди: бу давлат ташкилотларида ҳам, тадбиркорлар томонидан ҳам бўляпти. Вазирликнинг ишонч телефонларига, сайтига айнан карантин вақтида меҳнат муносабатларини қандай шакллантириш бўйича жуда ҳам кўплаб саволлар бўлди. Президентимиз касалликнинг иқтисодиётга салбий таъсирларини камайтириш чора-тадбирлари бўйича фармони қабул қилди.

Мазкур фармонда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор енгилликлар ва тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Республикадаги мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва олий таълим муассасаларида карантин эълон қилинди ва фарзандларимиз уйда ўтиришига тўғри келмоқда. Кимнингдир уйида фарзандларга қаровчиси бор, кимдадир йўқ, отаси ёки онасидан бири бирга бўлиши керак. Ушбу фармон орқали, меҳнат қонунчилиги талабларидан келиб чиққан ҳолда яна бир имконият берилдики, боғча тарбияси ёшида бўлган ёхуд умумтаълим ўрта мактабнинг 1-4 синфларида ўқийдиган фарзандларнинг ё отаси, ёки онаси, ё бўлмаса, васийига меҳнат таътили берилади.

Идора ва ташкилотлар томонидан бериладиган енгилликларда қайси ходимлар устуворликка эга?

Ҳар бир идора-ташкилотлар, пенсия ёшидаги кекса ишчилар, ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бор ёхуд ишлай оладиган аммо сурункали хасталиги бор ходимлари бўлса, уларга масофадан ишлаш ёки қисқа муддатли ишлаш имкониятларини ятақдим этишлари зарурлиги фармонда белгилаб ўтилди. Бу ҳам ходимларнинг ўз соғлиқларини сақлашларига ижобий таъсир кўрсатади.

Хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимларига таътил берса, пул тўлайдими?