Одамлар ҳукумат вирус тарқалишининг ҳақиқий масштаби ҳақида маълумотларни яшираётган бўлишидан хавотирда. Вазият ҳозиргидан ҳам ёмонлашиши мумкин, деб ўйламоқда эронликлар.
Эрон шимолида жойлашган Ғилондаги касалхона шифокори Муҳаммад коронавирус Эронга кириб келганининг илк кунларидан бошлаб тун-у кун беморларнинг ҳаёти учун курашмоқда. У ўз оиласини 14 кундан буён кўргани йўқ, бу вақт давомида кўплаб дўстлари, ҳамкасбларини, жумладан, Тиббиёт институти профессори бўлган устозини ҳам йўқотди. Уларнинг барчаси коронавирусдан ҳалок бўлишди.
«Бундай ҳолат фақат бизнинг касалхонада содир бўлаётгани йўқ, коронавирус бутун мамлакатдаги касалхоналарни оғир аҳволга келтириб қўйган. Ишчилар тушкун кайфиятда, биз катта босим остидамиз, оилаларимиз қаттиқ хавотирда яшамоқда. Оддий тиббиёт ниқоблари етишмаяпти, ҳар куни шифокорлар ўлмоқда. Ҳозир қанча одам ўлганини аниқ билмайман, лекин ҳукумат вирус тарқалишининг ҳақиқий кўламини яширмоқда. Ҳар ҳолда биринчи кунларда ёлғон маълумотлар берилганди», дейди ВВС билан суҳбатда Муҳаммад.

Дарвоқе, бу унинг ҳақиқий исми эмас, ўзгартирилган. Шундай қилмаса ҳам бўлмайди, чунки Эронда ҳукуматга қаратилган танқидлар сабаб одамлар қўлга олиниши мумкин. Covid-19 Эроннинг барча 31 вилоятига тарқалиши учун 16 кун етарли бўлди. 16 мамлакатда илк вирус аниқланган одамлар айнан Эрондан келгани айтилди. Булар Ироқ, Афғонистон, Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Ливан, БАА, Канада, Покистон, Грузия, Эстония, Янги Зеландия, Беларусь, Озарбойжон, Қатар ва Арманистон.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий илк марта 19 февраль куни коронавирус ҳақида чиқиш қилиб «душман Эрондаги аҳволни ёмон қилиб кўрсатишга уринаётгани»ни айтди. Шунингдек, Эрон диний раҳнамоси твиттерда коронавирусни «биологик қурол» деб атади. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 26 февраль кунги чиқишида одамларни тинчлантиришга уринган ва ҳаммага «бемалол ишга бориши мумкинлигини» айтганди.
- 23 март ҳолатига кўра, Эронда коронавирус юқтирганлар сони 23 минг кишидан ошди, 8376 киши соғайиб кетган. Бу дард форс давлатида 1812 одамнинг умрига зомин бўлди.
Эрондаги энг кўп йўқотишга учраган Ғилон, Гулистон ва Мозандарон вилояти шифокорларининг айтишича, коронавирусни аниқлайдиган тест тўпламлари уларда мавжуд эмас. Шунингдек, кислород баллонлари, ниқоб, қўлқоп, тиббиёт халатлари етишмаяпти. Касалхоналар етишмаётгани сабаб ҳарбий госпиталар қайта жиҳозланмоқда. Ҳатто футбол стадионлари касалхонага айлантирилган. Теҳрондаги тикув фабрикалари 24 соат давомида фақат ниқоб ишлаб чиқармоқда.






















