Ўзбекистон | 14:37 / 23.03.2020
9482
3 дақиқада ўқилади

Корхона ва ташкилотлар ўз ишчилари учун навбатчи автобуслар қатновини ташкил этиши мумкин

22 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти (автобус, метро ҳамда йўналишли такси) қатновлари вақтинча тўхтатилиши муносабати билан корхона ва муассаса ходимларининг ишга қатнаши борасида қатор саволлар пайдо бўлмоқда. Транспорт вазирлиги онлайн брифингда бу борадаги саволларга жавоб берди.

Вазирлик матбуот котиби Наврўз Аширматовнинг сўзларига кўра, жамоат транспорти фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор 21 март куни қабул қилинишида иш ҳафтаси 24 март кунидан бошланиши инобатга олинган. Айнан шу вақт оралиғида ташкилот ва муассасалар раҳбарлари вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, ходимлари ишхоналарга келиш-кетишини ташкил этиш бўйича масалаларни ҳал этишига имконият яратилди.

«Ташкилотлар томонидан ходимларини иш жойларига келтириш ва уйига қайтариш бўйича транспорт логистикасида муаммолар пайдо бўлса, ишни ходимнинг уйидан масофавий ташкил этиш ёки ходимларни таътилга чиқариш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилди.

Шунингдек, корхона ва ташкилотлар ўз ходимлари ишхоналарга келиш-кетишини ташкил этиш бўйича навбатчи автобуслар қатновини йўлга қўйиш масаласида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига мурожаат этишлари мумкин», дея Наврўз Аширматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида транспорт воситалари ҳаракатланишига жорий қилинган чеклов фақат жамоат транспорт воситаларига тегишли бўлиб, корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги автотранспорт воситаларининг иш фаолиятига таъсир кўрсатмайди. Корхона ва ташкилотлардан ўз ходимларини ишга олиб келиш ва уйига олиб бориш жараёнида ҳамда хизмат вазифаларини бажаришда автотранспорт воситаларини ҳар куни мажбурий дезинфекция қилиш, техник ва санитария талабларига тӯлиқ риоя қилиши талаб этилади.

«Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларга хизмат кӯрсатувчи юк автомобиллари ҳаракатланиши давом этади. Шунингдек, почта ва куръерлик хизмати билан шуғулланувчи автомашиналарга ҳам чекловлар мавжуд эмас», дея қўшимча қилди Наврўз Аширматов.

Тадбирда маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти қатнови вақтинча тўхтатилгани боис ҳайдовчи ва чиптачилар вазият барқарорлашгунича ўз ҳисобидан таътилга чиқарилади.

Маълум қилинишича, жамоат транспортларида ҳаркатланиш мақсадида апрель ойи учун харид қилинган ойлик йўл чипталари (проездной) тўлиқ ўз қийматида қайтариб олинади.

Мавзуга оид