Тартибга кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркетлар ва бошқаларда) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалари билан жиҳозланади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминланади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.

Бундан аввалроқ Тошкент вилоятидаги ва Тошкент шаҳридаги буюм бозорлари ёпилиши хабар қилинганди.