Kun.uz сайти 2020 йил 1 апрелдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола этади.
Тошкентдан пропискасиз уй сотиб олиш мумкин бўлади
Президентнинг шу йил 2 мартда имзолаган фармонига асосан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш мўлжалланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тартибни жорий этишни кўзда тутувчи «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама шу йилнинг 31 мартига қадар давом этиши назарда тутилса, мазкур масаланинг ижроси бўйича белгиланган муддат бузилади.
Айрим фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон фуқаролигини тан олиш бошланади
Шу йилнинг 13 март куни тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун айрим қоидалари 1 апрелдан бошлаб кучга киради.
Жумладан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади.
Ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола ҳам юқоридаги асосларга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади.
















