Доим позитив кайфиятда бўлувчи Жонсон вирус юқтиргани ҳақидаги хабарни ҳам худди шундай кутиб олди ва хушчақчақ баёноти билан касалликни қандай қабул қилишнинг энг тўғри йўлини кўрсатди, десак бўлади.

«Сизларга бир нарсани хабар қилишим керак. Менда коронавирус аломатлари пайдо бўлиб иситмам кўтарилди ва тест топширдим. Натижалардан менда вирус борлигини маълум бўлди. Аммо уйдан ишлашда ва ҳукуматни бошқаришда давом этаман. Бунда менга ажойиб жамоам ёрдам беради. Ўз навбатида мамлакатда вирусни енгишда қатнашаётган шифокорлар ва 600 минг нафар кўнгиллиларга раҳмат айтаман», деди Борис Жонсон ўзида коронавирус аниқланганини хабар қилган баёнотида.

Борис Жонсон хотинининг кўзи ёригач икки ҳафта «оталик декрети»га чиқмоқчилигини, баҳонада дам олиш имкони пайдо бўлишини айтганди. Декрет бўлмаса ҳам, унга икки ҳафталик «таътил берилди». Жонсон айни дамда Даунинг-стритдаги қароргоҳида карантинда қолмоқда. Британия бош вазири ҳукуматни видеоконференция орқали бошқаришда давом этади. Жонсон давлатни уйдан туриб бошқараётган ягона раҳбар эмас. Кўплаб етакчилар ҳукумат раҳбарлигини уйдан амалга оширишга мажбур бўлмоқда.

Жастин Трюдо. Канада бош вазири

Фото: AP

Кўпчилик карантинда масофадан туриб ишлашга, шу билан бирга болаларга қарашга мажбур бўлмоқда, чунки болалар боғчалари ёпилган. Аммо масофадан туриб бир вақтнинг ўзида болаларга ҳам қараётган одамларнинг ҳаммаси ҳам мамлакатдаги инқирозни ҳал қилишга мажбур эмас. Худди Канада бош вазири Жастин Трюдо каби.

Канада бош вазири икки ҳафтадан буён карантинда қолмоқда. Унинг хотини Софи Трюдо Британиядан қайтгач, ўзини ёмон ҳис қилган ва тест топширгач, Канаданинг биринчи хонимида коронавирус аниқланган. Шу боис эр-хотин алоҳида карантинга олинди. Жастин болалари билан алоҳида, Софи хоним эса алоҳида хонада яшамоқда.

Трюдолар оиласининг уч нафар фарзанди бор. Канада бош вазири карантин вақтида уларга қараб турибди. Болаларнинг ош-овқати, кирлари, хуллас ҳамма юмушлар ота Трюдонинг зиммасида, чунки карантиндаги оила ёнига ҳеч ким яқинлаштирилмайди. Ўтган ҳафта Трюдо ҳукумат вакиллари билан ўтказилган телефон орқали брифингга бироз кечикиб борди: «Кечирасиз, Адриенни чўмилтираётгандим», деб изоҳ берди бунга Канада раҳбари. 6 ёшли Адриен Трюдонинг энг кичик фарзанди.

Трюдо карантинда бўлатуриб «Катта еттилик» давлатларининг онлайн йиғилишида қатнашди. Унинг бу йиғилишдаги иштирокини қизи суратга олган. Кадрда Трюдонинг иш столида ҳам болалар чизган суратни кўриш мумкин.