Қандай қилиб иш берувчи зарар кўрмаслиги ва бунда меҳнат қонунчилигини бузмаслиги мумкинлигини сўраб Buxgalter юридик фанлари номзоди, Меҳнат кодекси муаллифларидан бири Михаил Гасановга мурожаат қилди.

 - Коронавирус билан бўлган вазият бизнес учун – форс-мажор. Шу асосда ходимларни ҳақ тўланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқариш, уларнинг иш вақтини қисқартириш ёки ишдан бўшатишгача бўлган бошқа шунга ўхшаш чоралар кўриш мумкинми?

 Форс-мажор — юридик концепция, унга мувофиқ шартнома тарафи фавқулодда ва енгиб бўлмас куч ҳолатлари рўй берганда уни бажармаганлик учун жавобгарликдан халос бўлиши мумкин.

 Фуқаролик кодексида шундай ҳолатларга бағишланган норма мавжуд. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда форс-мажор туфайли мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Ушбу нормани айтайлик, иш берувчи корхона ва ишларни бажарувчи жисмоний шахс ўртасида тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага қўллаш мумкин.

 Меҳнат қонунчилиги эса иш берувчининг ходим олдидаги мажбуриятларини бажаришни тўхтатиб туриш имкониятини берадиган қандайдир нормаларни назарда тутмайди.

 Иш берувчи Меҳнат кодекси ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилиши лозим. Шу боис масалан, ходимларнинг розилигини олмасдан иш берувчининг ташаббуси билан уларни масофадан ишлашга ўтказиш, ҳақ тўланадиган таътилга (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) – ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариш, тўлиқ бўлмаган иш вақтини ўрнатиш мумкин эмас.

 Сақланиб қолаётган меҳнат шароитларида иш ҳақини камайтириш ёки унинг тўланишини кечиктиришга йўл қўйиб бўлмайди. Меҳнат шартномасининг бекор қилинишида ходимга фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация, шунингдек ишдан бўшатиш нафақасини тўлашдан, қачонки МК бундай мажбуриятни иш берувчига юклаганда бош тортиш ноқонунийдир.

 Иш берувчи ходимларга нисбатан фақат меҳнат қонунчилигида назарда тутилган ёки унга зид бўлмаган чораларни кўришга ҳақли. У қонунда назарда тутилган барча таомилларга риоя қилиши даркор.

 - Агар ходимлар масалан, жамоат транспортининг ҳаракати тўхтатилганлиги сабабли ишга кела олишмаса нима қилиш мумкин?