Ўзбекистон | 09:13 / 28.03.2020
20652
2 дақиқада ўқилади

Суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти такомиллашади. Асосий йўналишлар белгиланмоқда

Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолияти янада такомиллаштирилади

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар мамлакатда суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

ишни судга қадар юритиш босқичини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, жиноят ишларини юритишда дастлабки тергов ва суд муҳокамасини ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини кучайтириш;

самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

суриштирувчи ва терговчиларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан суриштирув ва терговчиларни тайёрлашда “устоз-шогирд” анъаналаридан кенг фойдаланиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш, тергов қилиш функцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

суриштирувчилар ва терговчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини жорий этиш;

суд экспертизасини ўтказувчи орган ва ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан ушбу соҳада кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

жиноятларнинг фош этилиши, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни аҳолига таъсирчан тарзда етказиб бориш механизмини яратиш.

Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид