АҚШ коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар сони энг кўп бўлган мамлакатга айланди. Бир ҳафта мобайнида касалланганлар сони уч ярим баравар кўпайиб, 142 минг кишидан ўтди, экспертлар эса тарқалиш чўққиси бир ойдан сўнг ўтишини тахмин қилишмоқда.

АҚШда ташхис қўйилган ҳолатлар сони нега тез кўпайиб кетди?

27 март куни АҚШ коонавирус билан оғриганлар сони бўйича жаҳонда етакчига айланди. Жума куни эрталаб олинган маълумотларга кўра, у ерда тасдиқланган ҳоллар 86 мингдан ошган, ўлганлар сони эса 1300 дан кўпроқ эди. Шу куннинг охирига келиб беморлар сони 100 мингдан ошди. Бугунги кунга келиб, юқтирганлар сони 142 мингдан ошган, вафот этганлар сони эса 2489 нафарни ташкил этмоқда.

Ҳафта ўртасида мамлакатда касалланган сони уч ярим баробар камроқ эди, лекин ўшандаёқ ЖССТ тез орада Америка коронавируснинг янги тарқалиш ўчоғига айланишидан огоҳлантирган эди. Нолинчи пациент ўтган йилнинг декабрида аниқланган Хитойда эпидемия бошланганидан буён қарийб 82 мингта ҳолат аниқланган, иккинчи ўриндаги Италияда касалланганлар сони 100 мингга яқинлашяпти.

АҚШ президенти Дональд Трамп аниқланган ҳолатлар кўплигини ташхис қўйиш даражаси яхши эканлигини билан боғлади. «Фикримча, тест ўтказиш тизимимизга қойил қолишимиз керак. Биз жуда кўп инсонлардан таҳлил олмоқдамиз», — деди у Оқ уйда.

Экспертларнинг кўпчилиги АҚШда касалланиш эгри чизиғи экспонентага айланиб бўлгани, коронавируснинг тарқалиш чўққиси бир ойдан кам бўлмаган муддатда ўтиб бўлинишини тасдиқламоқда. Американинг касалликлардан огоҳлантириш ва назорат қилиш маркази (CDC) фикрича, АҚШда вирусдан ўлим ҳолатлари чўққисидан уч ҳафтадан сўнг ўтиб бўлинади. Бир ҳафта аввал Колумбия университети АҚШ вируснинг тарқалиш тезлигини икки баробар камайтира олса ҳам икки ҳафтадан сўнг мамлакатда 650 мингта касалланганлар бўлишини тахмин қилган эди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айни пайтда чиндан ҳам юқтириб олганлар сони расмий рақамлардан 11 баробар кўпроқ.

Вашингтон университети қошидаги саломатлик кўрсаткичлари ва баҳоланишлари институти баҳосига кўра, июль ойигача Америкада коронавирусдан 38 мингдан 162 минггача одам ўлиши мумкин. Апрелнинг иккинчи ҳафтасига келиб, мамлакатнинг барча жонлантириш бўлимлари тўлиб қолади.

Касалликнинг асосий ўчоғи қаерда?

АҚШдаги энг аянчли вазият шарқий соҳилда юз бермоқда. Вирусли инфекция ўчоғи Нью-Йорк бўлиб турибди. Штатдаги касалланган сони АҚШда қайд этилган ҳолатларнинг қарийб ярмини ташкил этади — 60 минг кишидан зиёд. Вафот этганлар сони эса 965 киши. Нью-Йоркда расман илк ҳолат 2 март куни қайд этилган эди.