Хусусан,

– хусусий ва давлат ташкилотлари ходимларининг айни пайтда ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқариб юборилаётгани қанчалик асосли?

– карантин шароитида жамиятнинг камбағал қатлами учун қандай ёрдам турлари кўрсатилади? Бу борада Ўзбекистон ҳукумати аниқ режага эгами?

– ҳукумат қарори билан карантин шароитида амалдорларга турли йиғилишлар ўтказмаслик бўйича топшириқ берилган эди. Аммо, баъзи ҳолатларда йиғилишлар ташкил қилиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. Хўш, парламент қуйи палатаси бу борада қандай назорат чорасини ўрнатган?

– Ўзбекистондаги қатъийлаштирилган карантин чоралари қўлланилмокда. Кўрилаётган ушбу чоралардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун вазият етилгандек. Бу борада Парламент яқин кунлар ичида нималарни режалаштирмоқда?

– жойларда маҳаллий кенгаш депутатларининг аҳоли уйларига кириб тушунтириш ишлари олиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу узилаётган вирус тарқалиш занжирини яна тикламайдими?

Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нечта депутатлари билан боғланиб, шу каби саволларга жавоб олди.

«Бу вирус бизга кўп нарсани ўргатиб кетади» – Алишер Қодиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари

Қодиров биринчи савол юзасидан фикрларини билдирар экан, дастлаб пандемик карантин ҳолатида мулк шаклидан қатъи назар ходимларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш бўйича Президент фармонида керакли топшириқлар берилганини эслади.

Унинг айтишича, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий кўмак миқдорини ошириш каби тадбирлар ҳам шулар қаторига киради.

«Билишимча, давлат идоралари ходимларига меҳнат таътили, ўз ҳисобидан таътил ёки масофавий иш режимини таклиф қилган. Хусусий бизнесга келсак, қонун бизнесни зарарга мажбурлай олмайди, лекин бугунги ҳолат форс-мажор деб топилиб, ҳукумат томонидан бизнесга бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Бундан мақсад ҳам фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган.

Бундай инқирозларнинг зарари доимо давлат бюджети зиммасига тушади. Шу сабабли ЯИМ 1,8 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Давлатнинг зарар кўриши ўз-ўзидан ҳаммамизнинг зарар кўришимиздир», – деди у.

Спикер ўринбосари навбатдаги саволлар юзасидан қуйидагича жавоб берди.