Қорақалпоғистонда қозоғистонлик меҳмонлар билан кўришганлар карантинга олинди
Қорақалпоғистондаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёлда коронавирус аниқлангач Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида Қозоғистондан келган меҳмонлар билан кўришган фуқаролар карантинга олинди.
Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тўрткўл туманида тўй маросимида қатнашиб, Қозоғистонга қайтган аёлда коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Қозоғистондан 14 март куни келган меҳмонлар 18 март куни тўй маросимида қатнашган, жами 20 нафар қозоғистонлик 25 март куни Ўзбекистон ҳудудини тарк этган. Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ушбу шахслар билан кўришган фуқаролар аниқланиб, карантинга олинган.
Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистонда бўлиб қайтганидан кейин коронавирус ташхиси қўйилган қозоғистонлик аёл ҳақида ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан Қозоғистоннинг тегишли идоралари томонидан Ўзбекистонга расмий маълумот келиб тушмаган.
Лекин мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарга асосланиб, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан гуруҳ ташкил этилиб, чуқурлаштирилган профилактик чора-тадбирлар (эпидемиологик суриштирув) ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида қуйидагилар аниқланган:
2020 йил 14 март куни Қозоғистон Республикасида доимий яшовчи 20 нафар фуқаро (шуларнинг 3 нафари вояга етмаган) микроавтобусда Қорақалпоғистон Республикасига меҳмонга келиб, шуларнинг Есик шаҳридан бўлган 16 нафар фуқаро (2 нафари вояга етмаган) Тўрткўл тумани «Тозабоғёп» ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйида меҳмон бўлиб қолган.
Тароз шаҳридан бўлган 4 нафар фуқаро (1 нафари вояга етмаган) Элликқалъа тумани «Элликқалъа» ОФЙда яшовчи фуқаронинг уйига меҳмонга кетган.
Қозоғистонлик фуқароларнинг Ўзбекистонга келишдан мақсади тўй маросимларида иштирок этиш бўлган.
14-25 март кунлари оралиғида Тўрткўл туманида бўлган фуқаролар 3 хонадонда меҳмонда бўлиб, 2020 йил 18 март куни никоҳ тўйда қатнашган.
Элликқалъа туманида бўлган фуқаролар 2 хонадонда меҳмонда бўлган.
Қозоғистон Республикасидан меҳмонга келган 20 нафар фуқаро 2020 йил 25 март куни Тўрткўл туманидан Тошкент вилоятининг «Ғишткўприк» чегара пости орқали Қозоғистон Республикасига чиқиб кетган. Йўлда кетаётиб ҳеч қаерда тўхтамаган, бошқалар билан мулоқот қилмаган, ўзларининг ёнида бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган.
Қозоғистон фуқароларининг барчаси 26 март куни ўз манзилларига етиб борган ва улар тегишли тартибда карантинга олинган. Уларнинг ичида 60 ёшли аёлда лаборатория текширувлари натижаси бўйича коронавирус касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар касалхонасига жойлаштирилган.
«Касаллик билан гумон қилинган фуқаронинг яқинлари берган маълумоти бўйича, аёлнинг лаборатория текширув натижаси коронавирусни кўрсатган бўлса ҳам, аёлда ва у билан мулоқотда бўлган фуқароларда касаллик белгилари йўқ экани, уларнинг аҳволи яхши экани маълум бўлди.
Ҳозирги кунда Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида қозоғистонлик фуқаролар билан мулоқотда бўлган одамлар аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтказилди, тегишли лаборатория таҳлиллари олинди. Уларнинг тана ҳарорати назоратга олиниб, 14 кунлик уй шароитидаги карантинга олинди. Шу кунга қадар бу фуқароларнинг ҳеч бирида коронавирус касаллигининг белгилари аниқланмади.
Бу ҳолат бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Уларнинг натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида профилактик тадбирларнинг ўтказилаётгани аҳоли орасида бу туманларда коронавирус инфекцияси аниқланган деган нотўғри маълумотлар, турли миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бироқ бу профилактик тадбирлар айнан инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ўтказилаётганини маълум қиламиз», дейилади Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.
31 март ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган бирор бемор аниқланмаган.
Мавзуга оид
10:10 / 01.11.2024
Икки ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024