Тошкент шаҳрида автомобилда ҳаракатланиш учун махсус стикер ёки ваколатга эга бўлмай,  ўзбошимчалик билан карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан йўл патруль хизмати ходимлари рейд ўтказмоқда. Kun.uz мухбири йўл ҳаракати инспектори Шахзод Ҳикматов билан бирга бўлиб, 31 мартдан 1 апрелга ўтар кечаси ташкил этилган рейдларни кузатди. 

Рейд давомида тўхтатилган 60 фоиздан ортиқ машина эгалари махсус рухсатномасиз ёки тегишли ваколатга эга бўлмай, карантин қоидаларини бузиб, автомобиль бошқариб келаётгани аниқланди. Шунингдек, ноқонуний йўловчи ташиётган, ўз ваколатини суистеъмол қилиб, хизмат пайтидан ташқари бемақсад кўчада юрган фуқаролар ҳам аниқланди. 

Инспектор Ҳикматов томонидан зарурат юзасидан жамоат жойига автомобилда чиққан, талабини асослантириб берган ҳайдовчиларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилди. Аммо ҳуқуқбузарлик қилиб, карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга маъмурий жавобгарликда назарда тутилган жарима қўлланилади. Ҳуқуқбузар бошқарувидаги машинаси эса жарима майдончасига жойлаштирилади.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланганди.

Автотранспорт воситаларини бошқариш учун бериладиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, яъни онлайн тарзда топширилиши бўйича тизим жорий этилди.

Унга кўра, махсус рухсатномани бериш бепул амалга оширилади. Бунинг учун онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим.

Вақтинчалик тартибга кўра, рухсатнома қуйидаги автотранспорт воситаларига берилади:

  • озиқ-овқат маҳсулотларини (жумладан тамаки ва алкоголь) ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи ва реализацияси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектларида доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий (мулк, ишончнома ёки ижара ҳуқуқи асосида) автотранспорт воситаларига (дорихоналар учун фақат ҳар бир дорихонага бир дона автотранспортга рухсат берилади);