Жаҳон | 13:31 / 02.04.2020
9767
1 дақиқада ўқилади

БМТ: Араб минтақасида коронавирус эпидемияси сабабли 8,3 млн киши ночорлашиши мумкин 

Коронавирус эпидемияси оқибатлари 2020 йилда араб давлатларида 8,3 млн кишининг ночорлашишига олиб келади. 

Фото: Adel Hana / AP

Бу ҳақда БМТ сайтида маълум қилинди. Халқаро ташкилотнинг баҳолашича, етарли миқдорда овқатланмайдиганлар 2 млн кишига кўпайиши мумкин.

“Бу инқироз оқибатлари заиф қатламлар учун айниқса жиддий бўлади”, деб айтган БМТнинг Ғарбий Осиё учун Иқтисодий-ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Рола Дашти. Унинг таъкидлашича, хавф гуруҳига аёллар ва ёшлар ҳамда ижтимоий муҳофаза ва ишсизликдан суғуртага эга бўлмаганлар киради.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда араб давлатларида 101,4 млн киши ночорликда яшайди, яна 52 млн киши етарли миқдорда овқатланмайди. Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда бу давлатларда яна 8,3 млн киши ночорлашиши, етарли овқат емайдиганлар эса 2 млн кишига кўпайиши мумкин.

БМТда коронавирусдан жабр кўрадиган араб давлатлари айтилмаган. Араб дунёсига Яқин Шарқ, Шимолий Африка давлатлари, Фаластин, Шимолий Африкадаги 3 та давлат (Комор ороллари, Сомали ва Жибути) киради.

Мавзуга оид