Ўзбекистон | 10:40 / 05.04.2020
34773
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати куни нишонланмоқда

2018 йил 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган, 2018 йилнинг 2 октябрида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ 5 апрель Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгиланганди.

Бугун Ўзбекистонда Давлат хавфсизлик хизмати куни нишонланмоқда. Шу муносабат билан тузилма матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда келтирилишича, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан 2018 ва 2019 йилларда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорликда тўққизта террорчилик ҳаракатининг олди олинган.

«Тарихдан маълумки, ҳар бир давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда махсус хизматларнинг ўрни ва роли ҳамиша беқиёс бўлган.

Хусусан, давлат сарҳадларини қўриқлашдан тортиб, мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик, жамият осойишталигини таъминлаш ёки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳар замон ва ҳар маконда махсус хизматларнинг устувор вазифаси ҳисобланган.

Бугун дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистон Республикасини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишда, халқаро муносабатларда давлат миллий манфаатларини қўллаб-қувватлашда Давлат хавфсизлик хизматининг муносиб ҳиссаси бор.

Хусусан, 2018 ва 2019 йилларда ДХХ идоралари томонидан хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорликда 9та террорчилик ҳаракатининг олди олинди. Улардан 2таси Ўзбекистонда, 7таси ҳамдўстлик мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди. Шунингдек, 625 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди. 500дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Давлатимиз сарҳадларидан ноқонуний олиб ўтилган қарийб 97,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар мусодара қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра амалга оширилган «Меҳр 1» ва «Меҳр 2» гуманитар операциялари доирасида Яқин Шарқ давлатларида оғир шароитда қолаётган 220 нафар аёллар ва болаларни мамлакатимизга олиб келишда ДХХ ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар.

Шунингдек, ёт ғоялар таъсирида Афғонистонда қийин ҳолатга тушиб қолган ўнлаб ватандошларимиз ҳам ўз яқинлари бағрига қайтарилди.

Ишонч билан айтамизки, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг олий мақсади жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши ва халқимизнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир», дейилади ДХХ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид