Нурафшон ҳокими ўринбосарининг буйруғи билан табиатга 100 млн сўмдан ортиқ зарар етказилди
Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд Саидхўжаевнинг ноқонуний буйруғи билан шаҳардаги «Дегантепа» маҳалла ҳудудида 10 туп дарахт кесиб ташланди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизматидан Kun.uz’га маълум қилишларича, кеча, 5 апрель куни қўмитанинг Тошкент вилоятидаги назорат инспекцияси ҳодимлари иштирокида маҳалла ҳудудида ўрганиш тадбири ўтказилган.
Унда 9 туп арча ва 1 туп чинор дарахтлари таг қисмидан кесилган ҳамда 1 туп чинор дарахти ўсишдан тўхташ даражасигача шикастлантирилгани аниқланган.
«Кўрсатилган манзилда дарахтларни кесиш ишларини олиб бораётган фуқаролардан бунга рухсат берувчи тегишли ҳужжатлар сўралганда, улар қўлида ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги ва дарахтларни кесиш учун Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосаридан топшириқ бўлганини маълум қилган.
Шундан сўнг, ўзини Нурафшон шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Бунёд деб таништирган шахс келиб, маҳалла ҳудудида йўл қурилиш ишлари олиб борилаётгани ва шу муносабат билан дарахтларни кесиш ишлари бошлаганини айтган.
У ўз сўзида, шунингдек, дарахт кесиш учун «Ягона дарча»дан рухсат олинганини ҳам қўшимча қилган.
Ҳолат бўйича ҳоким ўринбосаридан ёзма равишда тушунтириш сўралганда, уни беришдан бош тортган ва дарахт кесиш ишларини олиб бораётган шахсларни ҳам тарқатиб юборган», дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолатда табиатга етказилган зарар миқдори 109 млн 270 000 сўмни ташкил қилган.
Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Мавзуга оид
17:03 / 11.09.2022
Дубайга қараб кетяпмизми?! Тошкентда яна иккита яшил ҳудуд йўқ қилинди
18:16 / 10.09.2022
Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи қамоққа олинди
14:03 / 10.09.2022
Оёқости бўлаётган мораторий: Гулистондаги истироҳат боғида 16 туп дарахт кесиб ташланди, 5 туп дарахтга жиддий зарар етказилди
11:58 / 10.09.2022