Пандемия каби шароитларда инсон икки зарарли муносабат: бепарволик ва безовталик ўртасида қолиб кетади. Бепарволикнинг давоси бохабарликда бўлса, безовталикнинг давоси вазиятни тўғри талқин этиш ва шунга монанд ҳаракат қилишдир.

Ортиқча ваҳималар жамият ва шахс миқёсидаги реал муаммоларни чуқурлаштиради, янгиларини келтириб чиқаради ва одамларни нотўғри қарорларга етаклайди.

21-аср учун мутлақо ўзгача бўлган ҳолат келиб чиққан бир пайтда ваҳимали кайфиятни енгиш осон эмас. Бунинг учун бизга таҳлилий ёндашув қўл келади. Таҳлилий ёндашув деб, бирон масалани таркибий унсурларга ажратиб олиш ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш орқали умумий ечимга келиш назарда тутилмоқда.

Демак, аҳолидаги қўрқувни давомийлик нуқтайи назаридан иккига бўламиз: бугунги қўрқувлар ва келажак тўғрисидаги қўрқувлар.

Айни дамдаги хавотирлар

1. Бугунги энг муҳим вазифа - COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 номли вирусни юқтириб олмаслик.

Барча профилактика чораларига жиддийлик билан риоя қилиш керак. Мободо юққанлик асорати бўлса, тиббий муассасаларга зудлик билан мурожаат қилиб, уларнинг кўрсатмаларига кўра иш тутиш зарур. Бу касаллик бедаво эмас, оғир ҳолатлар фоиз жиҳатдан оз, аммо жаҳонда кузатилаётган тиббий инқироз вақтида карантин чоралари кўрилмагани туфайли вирус жаҳон миқёсида тарқалиб улгурди.

Уйда қолиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш каби тавсияларга ўта эътиборли бўлайлик. Юз йил олдинги испан гриппи пандемиясидан олинган сабоқлардан энг муҳими: карантин чораларини кундалик иқтисодий манфаатлардан устун қўйган жойларда ҳам оммавий соғлиқни сақлаш, ҳам иқтисод соҳаларида оғир талафотларсиз чиқилган.

2. Озиқ-овқат етмай қолиши қўрқуви. Бу қўрқув аҳоли ўртасида коронавирусни юқтириш хавотиридан кўра каттароқ кучга эга бўлгандек кўриняпти.

Аслида эса COVID-19 билан касалланиб қолиш энг асосий таҳлика эканини англашимиз зарур. Чунки озиқ-овқат етишмовчилигига сабаб бўладиган урушлар, иқлимнинг ниҳоятда кескин ўзгариши каби омиллар, шукрки, ватанимиз бошига тушмади.

Бир нарсани яхши тушуниш керак, энг муҳим озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва харид қилиш жараёни инсоният тарихининг ҳеч бир даврларида асримиздагидек осон ва кенг кўламли бўлмаган. Ўзбек халқи жаҳоннинг бошқа кўпгина халқлари каби таом тўкин-сочинлигини бунчалик даражада кўрмаган, ўтган асрлар ва аввалги замонларда очарчилик, қаҳатчилик одатий ҳол бўлиб келган эди.