Толиблар ҳибсдаги тарафдорлари АҚШ ва “Толибон” ўртасидаги келишув шартлари бўйича озод этилмагунича расмий Кобулга қарши уруш ҳаракатларини давом этттиради. Бу ҳақда ҳаракатнинг Қатардаги расмий офиси вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин маълум қилди.

"Биз тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши учун ички афғон музокаралари бошланишини истаймиз. Аммо ҳукумат музокаралар бошланишига тўсқинлик қилиб маҳбусларни озод этмаяпти. Орамизда келишув йўқ экан, жанг ҳаракатлари давом этади", - деди у.

Шаҳиннинг сўзларига кўра, мулоқот “Толибон”нинг 5 минг нафар тарафдори озодликка чиқарилганидан сўнг бошланади.

29 февралда Доҳада АҚШ ва толиблар ўртасида келишув имзоланганди. Келишувга кўра, Афғонистондаги ички музокаралар 10 мартда бошланиши лозим эди.