Баҳор мавсуми – қатор касалликлар кўп учрайдиган пайт. Ҳозир бутун соғлиқни сақлаш соҳаси коронавирус билан оворадек таассурот ўйғонади. Аммо тизим ўзининг кундалик фаолиятини ҳам бир маромда олиб бормоқда.
Kun.uz мухбири Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов билан суҳбатлашиб, турли касалликлар тарқалиши бўйича бугунги кундаги ҳолат ҳақида маълумот олди.
– Карантин пайтида эҳтиёт чораларини кўриш бўйича етарлича маълумот олдик. Аммо айни шу кунларда ҳаво ҳарорати кескин пасайди, бу ҳолат табиий равишда турли касалликларни келтириб чиқаради ва уларнинг белгилари коронавирусга ўхшаши мумкин. Шу касалликлар ҳақида маълумот берсангиз?
– Баҳор одатда иммунитетнинг сусайиши, турли юқумли касалликлар кўпроқ учраши билан кечадиган пайт. Дарахтлар гуллади, сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати кескин пасайди, бу ўз-ўзидан анъанавий касалликлар – грипп юқиб қолиши, аллергия қўзғалиши эҳтимолини оширади.
Грипп ва коронавирус инфекциясининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Ҳар иккисида ҳам ҳарорат кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, йўтал каби белгилар бўлади. Аммо барибир фарқли жиҳатлари бор – булар грипп белгиларининг тез пайдо бўлиши ва қисқа вақт ичида ўтиб кетиши, асосан болаларда учраши ва оғир асоратларга олиб келмаслиги.
Коронавирус эса болаларда жуда кам учрайди, белгилари ҳам 14 кун ичида пайдо бўлади ва энг муҳими – вақтида даволанилмаса ва сурункали касалликлар билан бирга келса, ўпкада оғир асоратларга олиб келади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам аниқ ташхисни мутахассис лаборатор текширувларга асосланган ҳолда қўйиши шарт.
Аллергия билан фарқ эса анча тушунарли. Энг биринчиси – аллергик беморларда анамнез (касаллик қисқа тарихи) аниқ бўлади, беморларнинг ўзлари ҳолатларидан хабардор бўлишади ва одатда нима уларда бу касалликни қўзғашини яхши билишади. Шунингдек, йўтал, нафас қисиши, ҳолсизлик каби умумий белгилар бўлса-да, аллергияда коронавирусдаги каби ҳарорат кўтарилиши кузатилмайди.
– Сиз юқорида тилга олган бу касалликларнинг профилактикаси учун нималар қилиш лозим ва бу чоралар коронавирусга қарши чораларга ўхшашми?
– Грипп ва коронавирус профилактикасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Ниқобдан фойдаланиш, касал бўлганда ва касални кўрганда масофа сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш, жамоат жойларига бормаслик кабилар. Аслида бу профилактика чоралари шифокорлар томонидан мунтазам тарғиб қилиб келинган. Лекин коронавирус ваҳимаси, ҳали бу касалликка даво топилмагани ва энг муҳими – қаттиқ талаб қилиниши ортида ҳамма эҳтиёт чораларига эътибор бера бошлади.
















