Давлат ва фуқаро муносабатлари

Эпидемия нафақат одамларнинг соғлиги ва яшаш тарзига, балки давлат бошқарув тизимларига ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда. Маълумки, давлат ва фуқаро муносабатларидаги барқарорлик ҳар икки томон учун ҳам муҳим сиёсий ва иқтисодий масалалардан бири ҳисобланади. Фуқаролар ўз иқтисодий фаолияти натижаси ўлароқ давлатга солиқ тўлайдилар. Зотан, ижтимоий фаолият издан чиқмаслиги учун ҳам шундай бўлиши керак, аслида. Давлат эса ушбу жараённинг тўғри йўлда давом этиши учун макро жараёнлар (ишлаб чиқариш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш)ни яхши мувофиқлаштириши лозим.

Ҳозирги эпидемия шароитида ресурсларни аҳолига қай тарзда тақсимлаш муаммоси мамлакатлар олдида турган энг асосий масалалардан бирига айланди. Шу боис ҳам март ойининг бошида давлатлар катта миқёсдаги қутқарув пакетларини эълон қилишди. Шу асно улар глобал эпидемия натижасида келиб чиқувчи тизимли ва кенг миқёсли вайронагарчиликка жавоб қайтаришди. Айни пайтда бу жавоб давлатларнинг инқирозга тайёр эмаслигининг ифодаси ҳамдир.

«Даромад тақсимловчи давлат» модели

Инқироз давлат ва жамият ўртасидаги шартномаларни қайтадан кўриб чиқишга ундамоқда. Aфсуски, Сovid-19 пандемияси инқироз жараёнида марказий капиталистик ва либерал давлатларнинг молиявий воситалардан бошқа ҳеч бир нарсани ўртага қўя олмасликларини кўрсатиб қўйди. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда «даромад тақсимловчи давлат» моделини эсга солди. Зотан, бугун нефтга бой мамлакатларда ҳукмрон элита ўз аҳолисининг оммавий сиёсий ва ижтимоий талабларини қондириш, уларнинг розилигини олиш учун давлат ресурсларини тақсимлаш механизмларидан имкон қадар кўпроқ фойдаланмоқда.

Айтиш мумкинки, институционал ва элита даражасида ҳал қилинадиган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш бугунги кунда давлатлар томонидан кўриб чиқилаётган энг асосий масаладир. Сovid-19 эпидемияси шу маънода инқирозга олиб келмайдиган, аммо инқирозни келтириб чиқарган потенциал динамикани тезлаштирадиган таъсирга эга. Айтиш мумкинки, ҳар бир мамлакат бу жараённи тарихий, институционал ва маданий тузилишига кўра турлича бошдан кечиради.

Муаммо нимадан келиб чиқмоқда?

АҚШ, Германия ва Франция каби аксарият давлатларнинг фуқаролари ўз мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизими ҳавас қилгулик даражада эмаслигига гувоҳ бўлишди. Ушбу вазиятни эса ўрта муддатли истиқболда АҚШ ва Европада ўнг қанот популист лидерлар ҳокимиятининг заифлашишига олиб келадиган жараён сифатида ҳам кўриш мумкин. Муаммо лидерларнинг баландпарвоз нутқлари ва мавжуд ҳақиқатнинг бир-бирига тўғри келмаслигидан келиб чиқмоқда. Амалий, кенг қамровли ва инклюзив ечимлар бизга техник билим ва тажрибанинг муҳимлигини такрор эслатмоқда. Популист раҳбарларнинг миллатчилик риторикаси Трамп маъмуриятида кўриниб турганидек, космополит техниклар ва технократларнинг тизимдан узоқлашишига олиб келди.