Ўзбекистонда маҳалла раиси ва профилактика инспекторига томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгаларини расман огоҳлантириш, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланиши бўйича тақдимнома киритиш ваколати берилади. Ўз навбатида томорқадан самарали фойдаланган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилади.

Давлат раҳбари бошчилигида 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқачиликни ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаси эканини таъкидлаган, «бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат деб баҳоланиши керак», деб айтган эди. Президент Ш.Мирзиёев барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини таъкидлаган, томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлашини маълум қилганди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин ҳолати жорий қилинганлигига қарамасдан, Тошкент вилоятида баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш юмушлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ. Энг асосийси, бу ерда томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши билан ҳамкорликда мунтазам равишда фуқароларга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар бериб борилмоқда. Жорий йилда ҳам бундай тадбирлар давом эттирилиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, баҳорги экиш юмушларини ташкил этиш ва маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича бир қатор чоралар кўриляпти.

Томорқачиликдаги бой тажрибадан бу йил ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бугун иссиқхоналар билан бирга, дала шароитида ҳам сабзовот маҳсулотлари етиштириш қизғин паллага кирган. Буни пойтахтимиз бозорларида сотилаётган помидор, бодринг, карам ва кўкатларни кўриб, ишонч ҳосил қилиш мумкин.


























