Америкалик таниқли иқтисодчи Нуриэль Рубини ҳозирги эпидемия йирик иқтисодий ва геосиёсий инқирозга айланиб кетади деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларига кўра, коронавирус дунёдаги замонавий тартибни чок-чокидан сўкмоқда. Узоқ давом этувчи иқтисодий «музлик даври» бошланади, миллий низолар кучаяди, чегаралар ёпилади, протекционизм ҳукмронлик қилади ва иш ҳарбий ҳаракатларгача етиб бориши мумкин. Тадбирларнинг барчаси онлайн ўтказилади, йирик ярмаркалар, спектакллар бекор қилинади, савдо марказлари ёпилади, харидлар асосан интернет орқали амалга оширилади. Уйдан ишлаш ва онлайн хизматлар кўрсатиш авж олади.

Дарҳақиқат, ҳозирда инқироз симптомлари кучаймоқда: жаҳон биржаларида акциялар курси тушмоқда, олтин нархи ошмоқда, халқаро хўжалик алоқалари узилмоқда. BDI Германия саноатчилари уюшмаси ҳисоботида қайд этилишича, коронавирус эпидемияси мамлакат иқтисодиётига ўта салбий таъсир кўрсатди, ЯИМ ўсиши деярли тўхтаб қолди. Эпидемия давом этадиган бўлса, барча асосий кўрсаткичлар минусга қараб кетади. S&P Global Ratings агентлигининг ҳисоботига кўра, коронавирус тарқалишининг давом этиши Осиё-Тинч океани ҳудуди иқтисодиётига 211 миллиард доллар зарар келтиради.  

Аксарият Ғарб кузатувчиларининг фикрича, коронавирус бутун дунёни шок ҳолатига солиб қўйди. Геосиёсий мавҳумлик, популизм, протекционизм иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиб бўлганди, коронавирус эпидемияси эса бу тенденцияларни янада кучайтирди. Уларнинг ўсиб бориши транспорт ва ишлаб чиқариш муносабатларининг бузилишига олиб келади ва ҳозирги кўринишдаги глобаллашувга нуқта қўяди. 

 Немис иқтисодчиси Марк Ширицнинг «Цайт» газетасида ёзишича, жиддий жаҳон инқирози юз бермайди. Ҳаттоки жаҳон фонд бозорлари қуласа ва иқтисодий ўсиш суръатлари кескин тушиб кетса ҳам 2008 йилдаги каби молиявий инқироз такрорланиши эҳтимоли кам. Бу фикрга қуйидагилар асос бўлади:

  • Биринчидан, Lehman Brothers банкининг банкрот бўлиши инқирознинг сабаби эмас, портлатувчиси бўлган. Ўша пайтда жаҳон иқтисодиётида сезиларли номутаносибликлар тўпланиб қолганди. АҚШ, Испания, Ирландия ва қатор мамлакатлардаги мулк бозорларида улкан кўпиклар пайдо бўлган, банклар  етарлича «хавфсизлик ёстиқчаси»га эга бўлмасдан туриб ўта хатарли операцияларга аралашиб қолганди. Бугунги кунда банк баланслари анча яхши ҳолатда. Бошқача айтганда, агар Lehman Brothers ҳозирги кунда банкрот бўлганида бу жаҳон молиявий инқирозини келтириб чиқармасди. 
  • Иккинчидан, короновирус эпидемияси жаҳон товар алмашувига салбий таъсир қилди, аммо иқтисодиёт тузилмаларига тегмади. Ҳозирда иқтисодий ўсиш тўхтаб қолди, чунки транспорт коммуникациялари издан чиққан, заводларга бутловчи қисмлар келмаяпти, ишчилар эса уйларида ўтиришга мажбур. Шу боис Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) бу йил иқтисодий ўсиш суръатлари икки бараварга пасайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. ИҲТТ ҳукуматлар ва марказий банклар иқтисодиётни тиклашга ҳисса қўшишлари, инқирознинг узоққа чўзилишига йўл қўймаслиги ва иқтисодиётнинг муҳим секторларини юргизиши керак деб ҳисобламоқда.