Жаҳон | 07:11 / 11.04.2020
14114
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Пандемияга қарши курашнинг Швеция усули АҚШда 2 млн ўлимга олиб келар эди

Швеция пандемия шароитида имкон қадар ўз иқтисодиётини ҳимоя қилишга уринмоқда ва мамлакатда карантин чораларини жорий қилмаяпти

Фото: Gage Skidmore / Flickr.com

Америка Қўшма Штатлари пандемияга қарши курашнинг Швеция моделини танлаганида коронавирусдан хасталаниш орқали ҳаётдан кўз юмганлар сони 2 млн кишига етган бўлар эди. Бу мамлакат қатъий чоралар оқибатларидан ўз иқтисодиётини имкон қадар асрашга уринмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда ташкил этилган журналистлар учун брифингда шундай фикрларни билдирди, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги. 

"Швеция биздан фарқ қилади", - деган у. "Улар бошқа йўлдан боришди. Улар жуда интизомли мамлакат эканлигидан бошлай қолайлик", - дея қайд этган давлат раҳбари.  "Биз ҳам шу йўлдан боришимиз мумкин эди, шундай қилганимизда, ўйлашимча, 2 млн киши вафот этган бўларди", - деб баёнот берган Трамп. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия ҳам дастлаб шу йўлдан боришга ҳаракат қилган, бироқ бу вазиятни янада мураккаблаштирган, мамлакат кўп вақтни бой берган. 

Америка ҳукуматининг ҳозирги чоралари туфайли коронавирусдан АҚШда вафот этганлар сони, Трамп фикрича, 55-75 минг кишини ташкил этиши мумкин. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Швецияда янги турдаги коронавирусдан зарарланганлар сони 9 685 кишига етган. Шундан 870 киши ҳаётдан кўз юмган. 

АҚШда, вирусни юқтирганлар сони 486 мингдан ошган бўлса, 18 мингдан ортиқ инсон вафот этган, 27 612 киши тузалган.

Мавзуга оид